20:50 / 19.02.2019
6 951

Татьяна Каримова Ислом Каримов билан қандай танишгани ҳақида хотирлади

Татьяна Каримова Ислом Каримов билан қандай танишгани ҳақида хотирлади
Татьяна Каримова Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов билан илк учрашуви ҳақидаги хотираларини эълон қилди. Унинг айтишича, бўлғуси давлат раҳбари ва Татьяна Акбаровна илк марта Ислом Каримовнинг акаси Ибод Ғаниевичнинг уйида танишган.

«Ислом Абдуғаниевич билан 1970 йили Самарқандда, акаси Ибод Ғаниевичнинг уйида танишганмиз. Унинг рафиқаси Хайринисо Султоновна менинг аммаваччам эди. Мен Самарқандда муҳандислик-технология факультетида таҳсил олиб, талабалар ётоқхонасида истиқомат қилар, дарсдан кейин уларникига тез-тез меҳмонга бориб турар эдим. Ибод Ғаниевич оқкўнгил, ақлли ва одамшинаванда инсон, боз устига, яхши суҳбатдош ҳам эди», – дея ўша кунларни эслаган Татьяна Каримова.

Татьяна Акбаровна Ислом Каримовни янги йил арафасида учратган.

«Уни менга Ибод Ғаниевичнинг укаси деб таништиришди. Бу Ислом Абдуғаниевич эди. Биринчи учрашувимизда деярли гаплашмадик. Қизлик идрокимда недир кучли таассурот қолдирганини эслолмайман. Мен учун у пайтда Ислом Абдуғаниевич оқ-қорани таниган жиддий бир одам, эгачимнинг қайниси эди.

Орадан бир неча ой ўтиб, февраль ойларида биз яна Тошкентда кўришдик. Мен Фарғонага таътилга кетаётган эдим. Қувасойдаги қариндошларни йўқлашга отланган Хайринисо Султоновна менга ҳамроҳ бўлди. Ислом Абдуғаниевич чипта олишда ёрдам берди. Пойтахтда бирровга тўхтаб ўтдик. Бу гал ҳам суҳбатимиз узоқ давом этмади», – дейди у.

Татьяна Каримованинг хотирлашича, мартнинг еттинчи куни, айни байрам арафасида, талабалар ётоқхонасига уни сўраб бир йигит келганини хабар қилишганди.

«У ким экани етти ухлаб тушимга ҳам кирмагани рост. Ўзимча отам йўллаган (эҳтимол бирор нарса бериб юборгандир) ёки оиламиз, хонадонимизга дахлдор бировдир-да деб ўйладим. Чиқиб кўрдимки, мени йўқлаб келган одам Ислом Абдуғаниевич экан. Мени сайр ва суҳбатга таклиф қилди. Биз илк бор ёлғиз ўзимиз кўришиб турган эдик. Табиат, об-ҳаво, ўқиш ҳақида суҳбатлашдик. Одатий суҳбат.

Лекин сайр асносида Ислом Абдуғаниевич тўхтаб, ҳеч кутилмаганда «Менга турмушга чиқасизми?» деб сўради. Мен, албатта, ҳайратдан қотиб қолган эдим. Қандай изоҳлашни ҳам билмайман, мен шундай ҳолга тушган эдим: ақл вазиятни ҳали тўлиқ англаб, баҳолаб бўлмасдан, қалб ва юрак «ҳа» дея жавоб бериб бўлган эди. Кўнгил шубҳа-ю гумондан холи кезларда шундай бўлади. Мен бу инсоннинг кучи, самимияти, жозибаси, қатъияти ва недир бир оҳанрабосини сезган бўлсам керак… Мен «ҳа» дея жавоб бердим. Бари ана шундай кечган эди. Бор-йўғи бир неча қисқа учрашув…», – дейди Татьяна Каримова.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Татьяна Каримова Ислом Каримов билан қандай танишгани ҳақида хотирлади