23:42 / 12.03.2019
3 832

Канаданинг B2Gold компанияси Навоийда олтин излайди

Канаданинг B2Gold компанияси Навоийда олтин излайди
Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси раиси Бобир Исломов раҳбарлигидаги мамлакатимиз делегацияси Канада кончилар ва геологоразведкачилар уюшмасининг халқаро тоғ-кон саноати кўргазмаси(PDAC)да иштирок этди. Мазкур йирик форум 3-6 март кунлари Торонто шаҳрида бўлиб ўтди.

Юртимизнинг Вашингтондаги элчихонаси маълумотларига кўра, кўргазма давомида вакилларимиз Канаданинг таниқли B2Gold олтин қазиб чиқарувчи компанияси мутасаддилари билан музокаралар олиб борган.

Шу ўринда маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, 2007 йилда асос солинган ушбу компаниянинг маъмурий қароргоҳи Ванкувер шаҳрида жойлашган. Мазкур бренд қисқа вақт ичида олтин қазиб олиш соҳасида Канададаги энг нуфузли ва истиқболли компаниялардан бирига айланди. Бугунги кунда B2Gold Африка, Лотин Америкаси ва Европада 5 та йирик олтин конига эгалик қилиб келади. Унинг раҳбарияти асосан геологлар, юқори тоифадаги мутахассислардан таркиб топган. Улар МДҲ мамлакатлари, жумладан, Россияда ҳам фаолият олиб бориш бўйича бой тажриба соҳиблари ҳисобланади.

Компания тизимида 5 минг киши ишлайди. 2018 йил якунларига кўра, B2Gold ишлаб чиқариш ҳажмини 92 фоиз ошириб, 1 млн. унциялик кўрсаткичга эришди. Олтин қазиб олишдан келиб тушган даромад эса шунга яраша – 1,2 миллиард, нақд пул ҳаракати эса 450 миллион АҚШ долларига тенг бўлди. Ваҳолонки, 2017 йилда бу миқдорлар мос равишда 586 млн. ва 155 млн. доллар эди. Экспертларнинг прогнозларига кўра, компания молиявий фаолиятидаги ижобий суръатлар 2019 йилда ҳам давом этади.

Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳамда B2Gold ўртасидаги музокаралар якунида ушбу компания томонидан Навоий вилоятидаги учта истиқболли конларни геологик ўрганиш бўйича келишувга эришилди. PDAC майдонида шу бўйича тегишли битимни имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Канада компаниясининг биринчи босқичда йўналтирадиган инвестицияси ҳажми 2 млн. долларни ташкил этади. B2Gold лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, сармоя ҳажмини кўп маротаба оширишга тайёр эканлигини билдирди.

Ушбу келишувнинг муҳимлиги нимада? B2Gold Ўзбекистон тоғ-кон секторига инвестиция киритаётган деярли илк ғарб компаниясига айланди. Битимнинг имзоланиши Ғарб мамлакатлари, биринчи навбатда глобал тоғ-кон бозорида 80 фоиз улушга эга бўлган Канададаги йирик соҳа компаниялари ўртасида республикамиз жозибадорлигини сезиларли даражада оширади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Канаданинг B2Gold компанияси Навоийда олтин излайди