date
views 7 314

Хайрулла Хамидов шеъри: Аллоҳнинг уйида бўлди бу ишлар...

Хайрулла Хамидов шеъри: Аллоҳнинг уйида бўлди бу ишлар...
ТАЪЗИЯ

Осмон қараб турди, ер чидаб турди,
Ваҳшийлик тўнига бурканди лаин.
Оғир бир сукунат суқилиб кирди,
Зотан ўлим ҳақу, оқибат тайин…

Дилни мозий қучган хун ўти еди,
Бутун башарият тутинди гувоҳ –
Бу гул қисматларнинг ҳаёти эди,
Компьютер ўйини эмасди, э воҳ.

Биламан, миллиярд ғичирлар тишлар,
Қўллар буғмоқ истар ул шарафсизни:
Аллоҳнинг уйида бўлди бу ишлар,
Аллоҳнинг уйида, эшитяпсизми?!

Очилди жамики орий пардалар,
Олам ўз иқрорин сочди охири:
Қиёмат жумада келар, дердилар,
Бугун содир бўлди кичик зоҳири.

Йиғладим онамни йўқотган каби,
Синглимдан айрилган акадек, дўстлар.
Аллоҳнинг ёнига кетди талаби
Аллоҳнинг Ўзини таниган кўзлар.

Биргина, биргина юпанчим шулки –
Бари ўч, бари хун ётур ғалвирда:
Ҳали ҳаммасини қиёмат тонги
Кўрамиз Майдонда, жонли эфирда!
Хайрулла Хамидов
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хайрулла Хамидов шеъри: Аллоҳнинг уйида бўлди бу ишлар...