00:30 / 28.03.2019
4 806

Бош прокуратура Мурод Хонтўраев бўйича охирги хабарлар юзасидан ойдинлик киритди

Бош прокуратура Мурод Хонтўраев бўйича охирги хабарлар юзасидан ойдинлик киритди
Аралаш яккакурашлар жангчиси, ўзбекистонлик Мурод Хонтўраев ўзининг пичоқлангани ҳақидаги хабарларни рад этган бўлса-да, у 15 март куни «кесиб-санчилган жароҳатлар» билан касалхонага ётқизилгани маълум бўлди.

Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилишича, 15 мартга ўтар кечаси соат 1:55да Мурод Мухамадусмонович Хонтўраев Тошкент тиббиёт академияси 3-клиникасига хирургия бўлимига «кесиб-санчилган жароҳатлари» билан мурожаат қилган.

Мурод Хонтўраев клиникага етиб келган милиция ходимларига ўз уйи олдида эҳтиётсизлик натижасида йиқилиб тан жароҳати олганини, ҳеч ким билан уришмаганини маълум қилган.

Орадан тўрт кун ўтиб, 19 март куни мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Лекин жиноят иши кимга нисбатан қўзғатилганига ойдинлик киритилмаган.

Бугун, 27 март куни GoSport нашри «Мурод Хонтўраев яна пичоқланди» сарлавҳали хабар тарқатганди. Кўп ўтмасдан Мурод Хонтўраев Инстаграмида бу хабарни рад этди.

Эслатиб ўтамиз, Хонтўраев 2018 йил давомида ҳам икки марта пичоқланган эди. У 2018 йил 21 июнга ўтар кечаси бир қатор шахслар билан биргаликда Юнусободдаги тунги клублардан бирида «жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини бузган, тартибсизлик қилгани» ҳақида хабар берилганди. Ўшанда унинг ўзи тан жароҳати (кўкрагига пичоқ билан зарба берилган) билан Юнусободдаги 7-касалхона (собиқ 17-шаҳар касалхонаси)га ётқизилган, кейинги куни милиция томонидан олиб кетилганди.

2018 йилнинг 26 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги «Тошкент савдо маркази» (собиқ Turkuaz) ҳудудида яккакураш спорт турининг аралаш тури бўйича жаҳон чемпиони Мурод Хонтўраев пичоқлаб кетилгани хабар берилганди.

Кейинчалик, интернетда MMA жангчиси Мурод Хонтўраевнинг офисига уюштирилган ҳужумга оид видеолар тарқалди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бош прокуратура Мурод Хонтўраев бўйича охирги хабарлар юзасидан ойдинлик киритди