Ногиронлиги бўлган фарзандига қараётган оналарга қандай тартибда нафақа тайинланади?

  • 29 март 2019, 19:10
  • 627
  • Жамият
  • Ногиронлиги бўлган фарзандига қараётган оналарга қандай тартибда нафақа тайинланади?
    Бугун, 29 март куни Ўзбекистон ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Пенсия жамғармасига суғурта тўловларини амалга ошириш бўйича фуқароларга яратилган эркинликлар ва уларнинг аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар берди «Дарё» нашри.

    Тадбирда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Пенсияни ҳисоблаш услубиётини мувофиқлаштириш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўлими бошлиғи Шуҳрат Утаганов ногиронлиги бўлган фарзандига қараётган оналарга ижтимоий нафақа белгилаш тартиби ҳақида маълумот берди.

    «Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга улар пенсия ёшига етганида (Ўзбекистонда аёллар учун пенсия ёши —55 ёш) улар умуман иш стажига эга бўлмаган тақдирда нафақа тайинлаш тартиби тўғрисида Ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаш ҳақида топшириқ берилган эди.

    2019 йил 18 мартида Вазирлар Маҳкамасининг ушбу соҳани тартибга солувчи қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан эндиликда 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб ногиронлиги бўлган фарзандини тарбиялаётган аёлларга нафақа тайинлаш белгиланди.

    Ҳақиқатдан ҳам ушбу масалада бизда муаммо бор эди. 2017—2018 йилларда Пенсия жамғармасига келиб тушган мурожаатлар таҳлили, бундан ташқари жойларда ўтказилган сайёр қабуллар натижасида биз бу масала кўпчиликни қийнаётганига амин бўлдик. Муаммони ечиш учун биз Вазирлар Маҳкамасига 2018 йилда таклиф берганмиз», — дейди Шуҳрат Утаганов.

    Қарийб 600 нафар она ижтимоий нафақа олади
    «Ўтган давр мобайнида 598 нафар ногиронлиги бўлган фарзандига қараётган аёллар жамғармага мурожаат қилди. Уларнинг кўпчилиги иш стажига эга эмас. Таҳлил қиладиган бўлсак, ушбу аёлларнинг айримларида биринчи, иккинчи ва учинчи фарзанди ҳам ногирон бўлган. Аёл ўз навбатида ишлаш имкониятига эга бўлмаган. Фарзандини вояга етказгунча қарабсизки, у умумий пенсия ёши 55 га кириб қўйган. Демак, 55 ёшга кирганида бу аёлнинг ижтимоий ҳимояси очиқ қолиб кетяпти. Фуқаро на пенсия олиш ҳуқуқига эга, нафақа олиш учун эса 60 ёшда мурожаат қилиши керак. Биз мана шуларни ҳисобга олиб, алоҳида ушбу тоифа учун истисно тариқасида 55 ёшдан нафақа тайинлаш масаласини кўтариб чиққанмиз», — дейди сўзларини давом эттириб Шуҳрат Утаганов.

    Нафақа миқдори қанча?
    Шуҳрат Утагановнинг маълум қилишича, нафақа миқдори эса Ўзбекистон Президенти фармони асосида қатъий белгиланади.
    «Шу кеча-кундузда нафақа миқдори 243 300 сўмни ташкил этади. Агар она ногиронлиги бўлган фарзанди учун болаликдан нафақа олаётган бўлса у ҳолда 396 500 сўм қатъий белгиланган нафақа олиш имкониятига эга бўлади.

    2018 йил октябрь ойида Вазирлар Маҳкамасининг 731-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан ушбу аёлларга қолипли нон харид қилиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида компенсация тўлови жорий этилди», — дейди у.

    Нафақа олиш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади?
    «Биз нафақа тайинлаш тартибини ҳам соддалаштирдик, — дейди Шуҳрат Утаганов. — Аёлларга қийинчилик туғдирмаслиги учун фарзандининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, аёлнинг паспорти ҳамда фарзандининг болаликдан ногиронлигини тасдиқловчи тиббий комиссия хулосаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссияси маълумотномаси тақдим этилган тақдирда бизнинг туман, шаҳар, пенсия жамғармаси бўлимлари ўрнатилган тартибда қонунда яъни 10 кунлик муддатда нафақани тайинлаб беради. Ҳозир тўлов рўйхати шакллантирилмоқда. Демак, апрель ойида юқорида айтилган қарийб 600 нафар ногиронлиги бўлган фарзанди бор она илк марта ижтимоий нафақа пулини олади».

    » » Ногиронлиги бўлган фарзандига қараётган оналарга қандай тартибда нафақа тайинланади?