date
views 8 173

Ўзбекистоннинг янги сенаторлари 13-14 январда сайланади

Ўзбекистоннинг янги сенаторлари 13-14 январда сайланади

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси 31 декабрь, чоршанба куни бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов олиб борди, Бу ҳақда МСК расмий сайти'га асосланиб Kun.uz хабар бермоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 52-моддасига мувофиқ, Сенатга сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайланганидан кейин бир ойдан кечиктирмай ўтказилади. Мазкур Қонуннинг 50-моддасига кўра, Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – олти кишидан беш йил муддатга сайланади (жами – 84 сенатор).

Олий Мажлис Сенатига сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

МСКнинг қабул қилинган қарорига биноан Олий Мажлис Сенати аъзоларининг сайлови бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлислари 2015 йил 13-14 январь кунлари ўтказилиши лозим.

Маълумот учун, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 16 нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Президенти томонидан тайинланади. Сенатнинг ваколат муддати — беш йил.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистоннинг янги сенаторлари 13-14 январда сайланади