Путиннинг маслаҳатчиси: "Россиядаги ўзбекистонликлар муаммолари энди чуқур ўрганилади"

  • 04 апрель 2019, 06:38
  • 1 094
  • Жамият
  • Путиннинг маслаҳатчиси: "Россиядаги ўзбекистонликлар муаммолари энди чуқур ўрганилади"
    Россия президенти ҳузуридаги фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши раиси Михаил Федотов бошчилигидаги Россия делегацияси Тошкент шаҳрига келди.
    «Чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказларида бўлиб турган ўзбекистонликлар имкон қадар тезроқ ўз уйларига қайтишларидан барчамиз манфаатдормиз. Бугун биз имзолаган меморандум мана шундай, оддий, аммо инсонлар учун жуда муҳим бўлган масалалар ечими сари қўйилган ҳамкорлик қадами ҳисобланади», деди чоршанба куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия юридик форуми давомида РФ президенти маслаҳатчиси Михаил Федотов.

    3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Инсон ҳуқуқлари маданияти ривожланишининг долзарб муаммолари: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси» мавзусида Ўзбекистон-Россия юридик форуми ўтказилди. Тадбир платформасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий Маркази ва Россия президенти ҳузуридаги фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

    Россия президенти маслаҳатчиси ушбу меморандумнинг икки давлат фуқаролари учун аҳамияти ҳақида тўхталар экан, эндиликда Россияда мамлакат фуқаролари ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинса, Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқлари ҳам шу даражада муҳофаза қилинишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

    «Россияда Ўзбекистон фуқаролари сони анчагина. Улар турли масалалар билан Россияга келганлар: кимдир илмий масалада, яна кимлардир оилавий сабабларга кўра. Меҳнат масалалари бўйича келганлар сони ҳам анчагина. Шундай экан, бу инсонларнинг ҳар бирида муаммолар юзага келиши мумкин. Масалан, мен регионларимиздаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказларига тез-тез бориб тураман. Ва у ерда кўплаб турли давлатлар фуқароларини учратаман. Дейлик, африкаликлар, Лотин Америкаси фуқаролари ҳамда бошқа давлат фуқароларини. Бу ерда вақтинчалик сақланаётган шахслар оддий муаммога дуч келишган. Яъни чет эл фуқаролари айни вақтда кучини йўқотмаган паспортга эга эмас ёки бу ҳужжатни йўқотган. Шундай экан, у қандай қилиб ўз уйига қайтади, деган савол юзага келади. Бу учун эса ўша фуқаро ватанга қайтиш ҳуқуқини берувчи маълумотномани қўлга киритиши лозим. Бу маълумотномани унга ўз мамлакати Ташқи ишлар вазирлиги орқали олади.

    Айрим консулликлар тез ишлайдилар, баъзилари бу учун электрон почтадан фойдаланадилар, айримлари эса «йўқ, биз фақат диппочтадан фойдаланишимиз мумкин» деб айтишади. Ваҳоланки, бу турдаги маълумотномада махфий маълумот йўқ. Шундай экан, ортиқча муаммоларни юзага келтиришнинг нима кераги бор? Муаммолар эса одамлар учун юзага келтирилади. Негаки, дейлик, бир неча кундан сўнг, РФ томонидан молиялаштирилиши эвазига ўз уйига йўл олиши мумкин бўлган шахс, бунинг ўрнига чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказида яшашга мажбур бўлади. Тўғри, у ерда қулф остида бўлса ҳам, шароитлар қилинган, шундай бўлсада, у ер мароқли ҳордиқ чиқарадиган маскан эмас, барибир», – деди Федотов ва бундай шахсларни тезроқ уйига қайтаришдан бугунги кунда ҳамма манфаатдорлигини қўшимча қилди.

    Ишонаманки, Акмал Холматович (Саидов, таҳр.) билан биргаликда бу каби, жуда оддий, аммо инсонлар учун муҳим бўлган масалалар ечимида ҳамкорлик қиламиз. Бугун имзолаган меморандумимиз олдида турган вазифалардан бири мана шундан иборат, деди Россия президенти маслаҳатчиси.

    Манба: sputnik.uz

    » » Путиннинг маслаҳатчиси: "Россиядаги ўзбекистонликлар муаммолари энди чуқур ўрганилади"