09:30 / 11.04.2019
2 720

Собиқ Бош прокурорга нисбатан қийноқлар қўлланилмагани маълум қилинди

Собиқ Бош прокурорга нисбатан қийноқлар қўлланилмагани маълум қилинди
Amnesty International ташкилотининг гўёки Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашид Қодировга нисбатан жисмоний зўравонлик ишлатилгани, қўпол муносабатда бўлингани, шунингдек бошқа судланувчиларга нисбатан ҳалигача қийноқлар хавфи сақланиб қолинаётганлиги тўғрисидаги мурожаати эълон қилинган. Ушбу баёнотга нисбатан Бош прокуратура томонидан расмий муносабат билдирилди.

Унда таъкидланишича, Р.Қодиров ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича 22.02.2018 йилда қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.

«2018 йил 25 февраль куни Қодиров товламачилик, пора олиш, шунингдек, бошқа мансабдорлик ва иқтисодий жиноятларни содир этишда айбланиб, жиноят ишига айбланувчи тариқасида жалб қилинган ҳамда унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Терговнинг бошиданоқ Р.Қодировга ҳимояланиш ҳуқуқи берилган, адвокатнинг барча тергов ҳаракатларида иштироки, шунингдек, у билан ҳеч қандай чекловларсиз холи учрашиш имконияти таъминланган», — дейилади Бош прокуратура муносабатида.

Маълум қилинишича, Р.Қодиров ва бошқа иштирокчиларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда, дастлабки тергов давомида уларнинг соғлиғи Ички ишлар вазирлиги тиббиёт муассасаларининг доимий назорати остида бўлди. Ишни судда кўриб чиқиш жараёнида ҳам доимий тиббий ёрдам кўрсатилмоқда ва барча зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган алоҳида махсус транспорт воситаси ажратилган.

Тергов давомида суд-тиббий экспертиза ўтказилган, унинг хулосасига кўра, Р.Қодировнинг соғлиғининг ҳолати қамоқда сақлашга тўсқинлик қилмаслиги маълум бўлган ва унда ҳеч қандай тан жароҳатлари аниқланмаган.

«Таъкидлаш жоизки, Москва шаҳрининг «Щеглов и партнёры» адвокатлик бюроси билан тузилган ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш шартномаси асосида фаолият юритувчи адвокат А.Мадьяров 18.07.2018 йилда Р.Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят ишида адвокат сифатида иштирок этишини таъминлашга оид чоралар кўриш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилган.

Тергов органлари зудлик билан бу ҳақида Р.Қодировни хабардор қилиш чораларини кўрган, Р.Қодиров А.Мадьяров ҳузурида ўз ташаббусига кўра унинг хизматларидан воз кечиб, унга нисбатан ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий босим ўтказилмаётганлиги, у ихтиёрий равишда кўрсатмалар бераётгани ҳақида маълум қилган. Шунингдек, Р.Қодиров айни пайтда унинг ҳуқуқларини бошқа адвокат ҳимоя қилаётгани ва қўшимча адвокат жалб қилинишига эҳтиёжи йўқлигини билдирган», — дея қўшимча қилинади расмий муносабатда.

Бундан ташқари, учрашувда А.Мадьяровнинг талабига биноан Р. Қодиров унга ўз танасини кўрсатгани, шундан сўнг А.Мадьяров тан жароҳатлари йўқлигига ишонч ҳосил қилгани билдирилган.

«Тергов давомида Р.Қодиров ўз айбини фақат қисман тан олган, бу эса унга айблов бўйича ўз фикрини эркин ифода этиш имконияти берилгани ва унинг бундай мазмундаги кўрсатмаларини олишда унга нисбатан қандайдир босим ўтказилганлик факти мавжуд эмаслигидан далолатдир.

Бундан ташқари, 17.01.2019 йилги суд мажлисида раислик қилувчи судьянинг саволига Р.Қодиров тергов давомида ўз кўрсатмаларини ихтиёрий равишда берганлигини маълум қилди ва бу суд мажлиси баённомасида қайд этилди», — дейилади ахборотда.

Бугунги кунда Р.Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Собиқ Бош прокурорга нисбатан қийноқлар қўлланилмагани маълум қилинди