13:18 / 17.04.2019
4 636

Ички ишлар ходимлари пора билан қўлга тушди

Ички ишлар ходимлари пора билан қўлга тушди
Фарғонада бир фуқарога жиноят иши қўзғатиш, қаматиш билан таҳдид қилиб, 500 доллар пора олган 2 нафар ички ишлар ходими ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Олтиариқ тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими суриштирувчиси Д.М. ҳамда профилактика инспектори В.А. тамагирлик қилиб, жиноятга қўл урган.

Д.М.нинг хизмат вазифасига жиноятларни фош этиш, олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш, иш юритувига берилган ариза, материал ёки жиноятлар бўйича суриштирув ва тергов ҳаракатлари ўтказиб, улар бўйича қонуний қарор қабул қилиш кирарди. Аммо у профилактика инспектори В. А. билан тил бириктириб, тамагирлик йўлини танлаган.

У ўз иш юритувидаги фуқаро Э.Маматовнинг «Нексия-2» русумли автомашинасини ўғирланганлиги ҳолати юзасидан С.Абдураҳимовга нисбатан тўпланган материал бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ва маъмурий тартибда ҳал қилиш эвазига 500 доллар пора беришни талаб қилган. Акс ҳолда унга жиноят иши қўзғатиш ва қамаш билан таҳдид қилган. Албатта, бу ишни профилактика инспектори В. А. ёрдамида амалга оширишни режа қилган.

С.Абдураҳимов эса бу икки нафар давлат органи мансабдор шахсларининг қилмишлари юзасидан ариза билан мурожаат қилди.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси ва Ички ишлар вазирлиги ўз хавфсизлиги бошқармасининг вилоят бўйича бўлими ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи томонидан ўтказилган тадбирда дастлаб В.А. ўзининг «Матиз» русумли автомашинасида кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ долларини С.Абдураҳимовдан пора тариқасида олаётганда, сўнг Д.М. ўз хизмат хонасида ушбу суммани олганда ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Судланувчи Д.М. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан айбдор деб топилиб 6 йил, В.А. эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ички ишлар ходимлари пора билан қўлга тушди