
Республикамизнинг етакчи ОАВ жамоаларининг бир гуруҳ журналистлари иштирокида Сурхондарё вилоятига медиатур ташкил этилди. “Бойсун баҳори” фестивалининг ташкиллаштирилиши, бориши ва ундаги ажойиб томошаларни кенг ёритишга қаратилган ушбу ахборот-тур ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги барча шарт-шароитларни яратиб берди.
Тоғ бағридаги чиройли гиламлар ва сўзаналар билан безатилган ўтовда матбуот маркази ташкил қилинган. Бу ерда ноутбуклар, интернет саёҳатчи журналистларга хизмат қиляпти. Бундай баҳаво табиат қўйнида ижод аҳли ўзгача бир илҳом билан ишга киришиб кетган.
Бойсун баҳори бу йилги фестиваль меҳмонларини ўзининг сахий ёмғирли оби-ҳавоси билан қарши олди. Бу байрамга ўзгача бир шукуҳ берди. Кўп сонли аҳоли ва фестиваль меҳмонлари, ҳатто соябонсиз келган юртдошларимиз ҳам ажойиб тантаналар, дорбозлик ўйинлари, фольклор жамоалари чиқишлари, кўргазма ва бошқа кўнгилочар томошаларни ташлаб кетишмади.

Мазкур фестивалга келган минглаб одамларнинг хушчақчақ, беғубор қиёфалари ўзбекона самимийликни, меҳрни ифода этади. Ушбу гўзал фотолавҳалар “Бойсун баҳори” фестивалининг бор табиийлиги, улуғворлиги, ҳақиқий байрамона кайфиятини, бор миллийлиги ва табиатнинг эркалиги ёки бироз инжиқликлари билан кўриб, ҳис қилишингизга имкон бериши шубҳасиз.
Фестиваль эртага ҳам давом этади. Иштирокчиларнинг ва ташкилотчиларнинг фикрлари, тантананинг ўзига хос янгиликлари ҳақида навбатдаги мақолаларда ахборот бериб борамиз.
Манзура БЕКЖОНОВА
Манба: Darakchi.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар