16:53 / 01.05.2019
6 576

Чиройли хулқ ва яхши қўшничилик умрни узайтиради

Чиройли хулқ ва яхши қўшничилик умрни узайтиради
Халқимизда, “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”, деган ажойиб нақл бор. Чунки яхши-ёмон кунда инсонга биринчи ёрдамчи қўшни бўлади. Кишининг қўшнига қилган яхши муомала, муносабати энг аввал ўзига қилган яхшилигидир. Зеро, орадаги яхши муносабатлар кейинги хайрларга, меҳр-оқибатга сабаб бўлади. Бунинг натижасида маҳаллада, жамиятда иноқлик, аҳиллик ҳукм суради. Айнан шу сабаб ҳам динимиз доим инсонларга қўшничилик ҳақларини англатиб, уларга амал қилишга чақиради.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Мўмин киши ўзи тўқ бўла туриб қўшнисини оч қўймайди” (Имом Аҳмад ривояти). Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган бир ҳадиси шарифда айтилади: "Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшниларига азият етказмасин, ким Аллоҳга ва охиратга имон келтирган бўлса, мусофирга иззат-икром кўрсатсин, ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши сўз сўзласин ёки жим турсин".

Энг гўзал қўшничилик намуналарини ҳам икки олам сарвари Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатганлар. У зот ўзларига душманлик назари билан қараб, ҳар куни азият бериш мақсадида йўлларига энг чиркин нарсаларни ташлаган қўшни кампирга ҳам доимо яхши муомалада бўлганлар. Ҳатто бир куни йўлларига чиқинди ташланмаганини кўриб, аёлнинг ҳолидан хабар оладилар, касаллигини билиб таом йўллайдилар. Ислом динининг бу гўзал ибратни кўрган аёлнинг дилидаги кин-адоват барҳам топади, калимаи шаҳодатни айтиб, муслима бўлади... Бу қўшнига қилинган гўзал муомаланинг оқибати, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшничилик ҳақларига юксак даражада амал қилганларининг натижаси эди.

Халқимизнинг энг гўзал анъаналари, минг йиллар давомида шаклланган маҳалла-кўй, қўни-қўшничилик анъаналари ана шу гўзал таълимот асосида юзага келган. Бугун тўй бошларканмиз аввал қўшниларимизни бохабар қиламиз, уларнинг ёрдамига суянамиз. Маҳзун кунларимизда ҳам аввало қўшнилар бир-бирининг ҳолидан хабар олиб, қувват-мадад бўлади.

Халқимизда катталар азал-азалдан яхши қўни-қўшничилик удумини фарзандларга ўргатиб, ўзлари бу ишда ибрат бўлган. Асрлар давомида шаклланган маҳалла-кўйчилик ҳам аслида ана шу тамойиллар асосида юзага келган.

Қўшничиликнинг халқимиз азалдан амал қилиб келган қоидалари борки, улар ҳам юртимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукм суришига хизмат қилади.

Алҳамдулиллаҳ, юртимиз тинч. Бунинг бир сабаби қўшничилик ҳақларига риоя этиб, бир болага етти қўни-қўшни ота-она, деган азалий анъанага амал қилаётганганимиздир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда ҳам буни таъкидлайдилар: "Қариндошликни боғлаш, чиройли хулқ ва яхши қўшничилик юртларни обод, умрни узоқ қилади" (Имом Аҳмад ривояти).

Жамила РАҲМАТУЛЛАЕВА

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чиройли хулқ ва яхши қўшничилик умрни узайтиради