09:07 / 04.05.2019
2 884

Республика фан олимпиадаларига доир президент қарори қабул қилинди

Республика фан олимпиадаларига доир президент қарори қабул қилинди
Ўзбекистон Республикаси президенти “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимининг белгиланган штатлар сони доирасида ушбу вазирлик тузилмасида 14 та штат бирлигидан иборат Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ташкил этилди.

Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

иқтидорли ўқувчи ёшларни аниқлаш, улар фаолиятини илмий ва услубий жиҳатдан таъминлаб бориш, соҳада илғор тажрибаларни оммалаштириш ва улар асосида таълим муассасалари учун тавсия ва қўлланмалар ишлаб чиқиш;

умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида маҳаллий ва халқаро, шу жумладан, нодавлат фан олимпиадаларини ташкил этиш, уларнинг халқаро олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш;

юқори малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда олимпиадалар учун доимий янги назорат материалларини ишлаб чиқиш;

халқаро олимпиадалар иштирокчиларини юқори малакали мутахассислар, шу жумладан, олимлар, профессор-ўқитувчилар, хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда тайёрлаш, инглиз тили ва рус тили фанларидан мулоқот қилиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида махсус курслар ташкил этиш;

олимпиадаларда юқори натижаларни қайд этган иқтидорли ўқувчиларнинг келгусидаги фаолиятини мониторинг қилиб бориш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш.

Қуйидагилар:

Ғолиблари давлат олий таълим муассасаларига тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадиган халқаро олимпиадалар рўйхати;

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ўтказиладиган қўшимча республика олимпиадалари рўйхати тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда давлат таълим стандартлари ўқув дастурлари ва режаларида белгиланган фанлар ҳамда уларга ажратилган ўқув соатларидан келиб чиққан ҳолда асосий олимпиадалар ўтказиладиган фанлар рўйхатини тасдиқлайди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1-3 ўринларни эгаллаган иштирокчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Фанлар академияси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда олий таълим муассасасига қабул қилинган олимпиада ғолибларига “устоз-шогирд” тизими асосида тегишли соҳада юқори натижаларга эришган малакали мутахассислар бириктирилади.

Белгиланишича:

а) халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин (олтин медаль) учун – 500, ўқитувчисига –450 баравари;
2-ўрин (кумуш медаль) учун – 300, ўқитувчисига –250 баравари;
3-ўрин (бронза медаль) учун – 200, ўқитувчисига –150 баравари;

б) асосий олимпиадалар республика босқичи ғолибларининг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин учун – 50 баравари;
2-ўрин учун – 35 баравари;
3-ўрин учун – 30 баравари;

в) халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорларига навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан олтин, кумуш ва бронза медаллари бўйича тегишинча қўшимча 200, 175 ва 150 фоизлик устама тўланади;

г) таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган:

халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз;

асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланади;

д) олий таълим муассасасини тамомлаган олимпиада ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан шакллантириладиган истиқболли мутахассислар захирасига киритилади.

Департамент Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларининг 4-11 синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун ҳар чоракда онлайн тарзда олимпиадалар ташкил қилиш орқали иқтидорли ўқувчилар захирасини шакллантиради ҳамда захирага киритилган ёшлар учун Халқ таълими вазирлиги веб-сайти орқали ҳар ойда чуқурлаштирилган назорат материаллари, шу жумладан, тест, ёзма ишлар учун масалалар етказиб борилишини таъминлайди.

Белгилаб қўйилишича:

а) асосий олимпиадаларни ташкил қилиш ҳамда халқаро олимпиадалар учун иштирокчиларни саралаш ва тайёрлаш харажатлари:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ҳамда техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;

б) ўқувчи ёшларнинг халқаро олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш билан боғлиқ, шу жумладан, суткалик, яшаш ва транспорт харажатлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

в) асосий ва халқаро олимпиада ғолиблари ҳамда уларнинг ўқитувчиларига тўланадиган бир марталик пул мукофотлари ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига тўланадиган устама ҳақлари билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Республика фан олимпиадаларига доир президент қарори қабул қилинди