
Иш юзасидан Самарқандда сафардаман, баҳонада ота-онамни ҳам айлантириб келай, деб уларни ҳамроҳ қилиб олгандим. Самарқандга яқин қолганда ДАН ходими тўхтатди, четлаб тўхтадим. Ўзини таништирган ДАН ходими бошини эгиб, аввал отам билан сўнг онам билан ассалому алайкум ҳожи ота ва ҳожи она деб кўришди.
Сўнг ҳужжатларни кўриб: Беҳзод ака тепада 70 тезлик белгиланган жойда 78 юриб камерага тушибсиз, деди. Келинг, деб ўз машинасига ўтказди, ҳақиқатда тушган тезлигимни кўрсатиб, ака жарима яримта минималка, лекин ёзмайман, мана компьютердан ҳам ўчирвораман, фақат тепаликдан пастликка тушаётганда ҳушёр бўлинг, тезлик мувозанатини сақланг, оқ йўл деди.
Мен ҳангу манг туриб қолдим, кейин каловланиб, ака жаримани сизга тўлайманми ёки протокол ёзиб берасизми, деб яна сўрадим. Бу сафар ЙПХ командири суҳбатга қўшилди: ака бир тийин пулингиз керак эмас, фақат тезлик мувозанатини сақланг, ҳожи ота ва ҳожи онани дуосини олинг, ҳушёр юринг, кетаверинг деди...
Рости, дилхиралик ҳолатларига кўп тушганман, ҳатто бошқа мақсадда тўхтатилиб, бошқа айб билан жаримага тортилган вазиятларим ҳам бўлган, лекин ДАН ходимларидан юқоридаги каби илиқ муносабатни ҳеч қачон кутмаган эдим. Балки, бу ҳам ҳаётимиздаги кўплаб ижобий ўзгаришларнинг илк натижаларидир, балки шунчаки диёнатли ходимлар менга дуч келгандир ёки улар ишини чин дилдан севувчи кишилардир ёки ҳайдовчиларни тарбиялашнинг шундай усули тест сифатида татбиқ этилаётгандир, билмадим, лол қолдим.
Ушбу ДАН ходимлари тилида, шоир айтганидек:”Бир оғиз ширин жоннинг малҳами” эканлигидан қувондим. Бошим осмонга етди. Бу ДАН ходимлари кўпчиликка хушмуомалалик борасида ўрнак бўлса, ажабмас. Аллоҳ, барчамизни ўзи ислоҳ қилсин.
Беҳзод Абдураҳмонов
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар