Жаннат ва дўзах. Давлатни алдаган одам қай бирига тушади?

Жаннат ва дўзах. Давлатни алдаган одам қай бирига тушади?
Бугун эрталаб ишга кетаётган эдим. Метрода бир болакайга кўзим тушди. Бошини китобдан кўтармай кетди анча жойгача. Ҳавасингиз келади-эй.
Чидаб туролмадим. Ёнида жой бўш экан. Ўтириб саволга тутдим. Япон халқига сумимасеннн (узр ) деб узоқдан гап бошламасангиз қўрқиб кетади. Мен ҳам узр, деб саволга тутдим. Жавоб бергиси келмай жавоб берди.

- Қанақа китоб ўқияпсан?
- Мактабдан берган уйга вазифамни қиляпман.
- Нега уйда қилмадинг?
- Уйда ҳам қилдим. Бу ерда қиламан. Биласизми? Ман кўп китоб ўқишим керак.
- Нимага?
- Отам билан онам ажрашган. Онам мени, жуда ҳам қийналиб катта қиляпти. Баитода (соатбай ишлаш) ишлаб жуда ҳам қийналаяпти. Мен ҳозир зўр ўқисам келажакда ўзимни каишамни (компания) очиб, онамларни шачоу (компания бошлиғи) қилиб тайинлайман. Ўзимизни уйимиз бўлади. Мени боқишга қийналаман, бола керакмас деб ажрашиб кетган отамга ҳам ёрдам қиламан...

Кўзларимга ёш келди.
Нотўғри савол бериб қўйганимдан хижолат бўлиб, чалғитмоқчи бўлиб, гапни бўлдим.

- Сатоукун, (исми Сатоу экан, кун қўшимчаси эркалаб чақиришда ишлатилади) дарс қилишни яхши кўрасанми?
- Ҳа, жуда ҳам. Онам айтганлар менга, дарс қилсам, яхши одам бўлсам, одамларга ёрдам берсам давлатга зиёним тегмаса тенгокуга тушарканман.
- Тенгоку нима?
- Тенгокуни билмайсизми? Мен сизнинг кийимларингизни, қўлингиздаги китобни кўриб ақлли одам деб ўйлагандим. Ие, ҳа сиз гаикоужинсизку (хорижлик) шунга тушунмадингиз шекилли. Тенгоку дегани одам ўлгандан кейин борадиган жой. Яхши одамлар тенгокуга тушади. Ёмон одамлар жигокуга.

Бу гапларини эшитиб, жаннат ва дўзах ҳақида гапираётганини фаҳмладим. Яна саволга тутдим:
- Сатоукун, жигокуга (дўзах) қандай одамлар тушади?
- Давлатдан алдаб пул ундирганлар, масалан ўқимай, ишламай, пулим йўқ пул беринглар деб фақат давлатдан пул ундирадиганлар тушади. Ёмон одамлар тушади. Дадамни ҳам тушади деб айтишди менга. Лекин мен хоҳламайман. Бўлди, мен кейинги бекатда тушаман. Хайр.
- Ўқишларингга омад. Укажон, илоҳим барча орзуларингга эришгин....

Бола тушиб кетди. Қарасам анча бекат ўтиб кетибман. Кун бўйи бола билан бўлган суҳбат ҳақида ўйладим. Ҳали бошланғичда ўқийдиган болани фикрлаши-ю, ақлига тасанно айтдим. Фарзанд тарбиясига қойил қолдим.
Жаннат ва дўзах. Давлатни алдаган одам қай бирига тушади?
Япония давлатини анча-мунча давлатлардан илдамлаб кетганини сабабини тушунгандек бўлдим. Ўқимаса ҳеч ким бўлолмаслигини, оддий соатбай ишда ишлаб ўтиб кетишини, келажакда катта компанияни юритаман деб болалигидан қаттиқ ҳаракат қилган Сатоукунлар ривожлантирган экан Японияни. Жуда кўп японни кўрасиз ўзимни компаниямни очаман, деб қаттиқ ўқиб, соатбай ишлаб, ухламай юрганларини. Шу сабабдан япон компаниялари дунёда кучайиб кетгандир балки. Давлатни алдасанг, жигокуга тушасан деган гапи жуда ўйга солди одамни.

Барака топ Сатоукун. Ўзингдан неча баробар ёши катта акангга, жигоку, тенгокудан, ҳаётдан, тиришқоқликдан, китоб ўқишдан дарс бериб қўйганинг учун...

Моҳи Рамазон ойида дуо қилайлик азизлар, бизни юртимиздан ҳам шундай, болажонлар чиқиб, ёшлар чиқиб, катта-катта компаниялар очиб, кучли олимлар чиқиб, ота-боболаримизга муносиб ворислар чиқиб Ўзбекистонимизни Япониядек, бошқа ривожланган давлатлардек юқори чўққиларга олиб чиқсин, илоҳим.
Баҳодир Искандаров

Манба: Xabar.uz

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар