19:37 / 19.05.2019
3 968

«200 фоизлик бож билан ҳимоялансак ҳамки, қозоқларнинг музқаймоғига талаб каттамиш...»

«200 фоизлик бож билан ҳимоялансак ҳамки, қозоқларнинг музқаймоғига талаб каттамиш...»
Кеча «Спот»да берилган «Баҳрома» музқаймоғи ҳақидаги хабарни ўқиб эзилдим. Оддий хабар, лекин уни ўқиш давомида юзага келган ҳайрат ва туғилган саволлар бошимни оғритиб ташлади.

Биринчидан, «Баҳрома» — қозоқларнинг музқаймоғи экан (билмасдим, дўконларда кўзим тушган, ҳеч еб кўрмагандим, номидан худди Made in Uzbekistan маҳсулотга ўхшайди, тўғриси).

Иккинчидан, «Баҳрома» музқаймоқлари Ўзбекистонда Қозоғистондагидан амалда икки баробар қиммат сотилаётган экан. Сабаби — музқаймоқ олиб киришга 200 фоизлик бож бор экан, «Ўзбекистон шу йўл билан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилмоқда» экан.

Учинчидан, «Баҳрома» музқаймоқлари Ўзбекистонда қозоқлар кутганидан ҳам яхшироқ, ҳатто зўр сотилаётган экан. «Биз бунчалик талаб бўлади, деб кутмагандик. Ўзбекистонликларнинг харид қуввати пастроқдек кўринганди», — деяпти «Баҳрома»ни чиқарадиган музқаймоқ заводнинг раҳбари.

Мен Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналар Ўзбекистондан кўра чет элда арзонроқ сотилганини кўп эшитганман. Ҳатто, шу яқинда маиший техника ишлаб чиқариш бўйича «миллий ифтихори»миз ҳам ўз маҳсулотларини Ўзбекистондан кўра яқин хорижда арзонроқ сотиши ҳақида гап эшитдим.

Мен, яна, «Фалонтекс», «Пистонтекс» деган тўқимачилик корхоналаримиз чиқарган ҳақиқатан ҳам сифатли маҳсулотлар ўзбекистонликларга қиммат, чет элликларга арзон сотилишини ҳам эшитганман (шунинг учун, айтишларича, футболкаларни, дейлик, Туркиядан импорт қилиш арзонроқ тушармиш).

Бунақа ҳолатлар ҳақида кўп эшитганман. Бунақа ҳолатларда айтиладиган баҳонани ҳам тахминан биламан: «Четдан валюта кириши учун қилиняпти-да бу ишлар!». Худди шу баҳонаи сабаб билан иссиқхона-ю ғишт заводларни газдан узиб («валютани ёқяпмиз ахир!»), газни чет элга сотмоқчимиз, гап-сўзларга қараганда.

Лекин, қозоқларга қаранг, яхшироқ, сифатлироқ маҳсулот чиқариб, уни чет элда икки баробар арзон эмас, икки баробар қиммат сотса ҳам бўларкан. 200 фоизлик бож билан «маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни ҳимоя қилиб» қўйсак ҳамки, қозоқларнинг музқаймоғига ўз йўналишида талаб каттамиш.

Қуриб кетгур, бу 100, 200 фоизлик божлар сифатли маҳсулотнинг харидор томон йўлини тўса олмаса, харидорни «ҳимоя қилинган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар»га мурожаат қилишга мажбур қила олмаса, нима кераги бор одамларни қийнаб, норози қилиб?

Шунча «ҳимоя қилинган», «асраб-авайланган» маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз ҳеч бўлмаса Қозоғистондагичалик музқаймоқ, ширинлик ишлаб чиқара олмаса, эҳтимол, уларни «ҳимоя қилиш», «асраб-авайлаш»ни (ўзимизнинг одамларга «солиқ, бож солиш»ни) бас қилиш керакдир балки?

Ўз мамлакатинг корхоналари ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотиб олишни, шу йўсинда ўз мамлакатинг иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшишни ватанпарварлик, дейишади. Бу фикрга қўшилмаслик қийин. Лекин бу — мамлакатинг корхоналари ишлаб чиқарган маҳсулот сифатсиз ва қиммат бўлса ҳам уларни сотиб олиш керак, дегани эмас. Йўқ.

Манба: Муҳрим телеграм канали

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «200 фоизлик бож билан ҳимоялансак ҳамки, қозоқларнинг музқаймоғига талаб каттамиш...»