21:40 / 21.05.2019
2 642

Миллат йўқотиб қўйган қалбини топиши керак!

Миллат йўқотиб қўйган қалбини топиши керак!
Ойнани асрашмади. Оқибатда бир кун синиб, парча-парча бўлиб кетди. Одамлар ўз юзларини кўролмай қолдилар. Юзидан, қалбидан бехабарлар – ойнасизлар жамияти пайдо бўлди.

Ойнасини синдириб қўйганларнинг ҳолидан хабар топганлар келиб, уларни забт этишди. Ойнанинг синиқларини заб тепкилашди. Кейин кетишди.

Энди ойна ясаш қоидаларини ишга солиб, янгитдан ойна ясаш фавқулотда керак бўлиб қолди. Чунки йўқотиб қўйилган қалбни ойнасиз топиб бўлмайди-да.

Аммо бир тоифа ўрнидан туриб, ойнани янгитдан ясашга қарши чиқди, “эскисининг қолдиқларини улаб оламиз!” – дейишди. Чунки янги, қийшиқ бўлмаган ойна уларнинг асл юзларини кўрсатиб қўяди. Ҳашаматга муҳаббат қўйган, бужмайиб қолган қалбларини уч ўлчамли форматда намойиш этади.

“Тўғри, янги ойна бизга керакмас!” – деб уларни қўлловчилар чиқди. Чунки улар ҳам ҳашаматга ботганлар бўлиб, ўз раҳнамоларига қараб, таскин топиб турувдилар, шунинг учун уларга такаллуф қилиб, ҳадялар бериб турувдилар.

Бошқа бир тоифа “бизга янги, қийшиқ бўлмаган ойна керак, қалбимизни кўришни истаймиз!” – дейишди. “Шу билан бирга раҳнамоларимизнинг асл ҳолатини ҳаммага кўрсатадиган ойна керак бизга! Чунки биз энди қайта алданишни истамаймиз! Аввалгиларга ўхшаб ойнамиз синиб қолишини истамаймиз!” – дейишди яна. Бўлди жанжал. Баъзилар эса ўртада – гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга ён босишди, янги ойнанинг аҳамиятини сеза билмай аросатда қолишди.

Янги ойна керак!

Қалбимизни кўриб туришимиз учун янги, тўғри, силлиқ ойна керак бизга! Ҳашаматга ботган “раҳнамо”лар жойларини бошқаларга – ойнасимас, қалби синиқларга беришсин! Омма шундайлардан ўрнак олсин зеро. Сўзи бошқа, иши бошқалар бузуқ ўрнак экани бот-бот айтилган зеро.

Миллат йўқотиб қўйган қалбини топиб олиши учун керак бу!
Муҳаммад ШАКУР

Манба: Azon.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Миллат йўқотиб қўйган қалбини топиши керак!