20:49 / 22.05.2019
4 808

Advice.uz – энди ҳар ким ҳар ерда бепул юридик маслаҳат олиши мумкин

Advice.uz – энди ҳар ким ҳар ерда бепул юридик маслаҳат олиши мумкин
Адлия вазирлигининг онлайн бепул юридик маслаҳат беришга йўналтирилган advice.uz платформаси ишга тушгани ҳақида хабар берилган эди. Пойтахтда 25-27 апрель кунлари ўтказилган Tashkent Law Spring халқаро юридик форуми доирасида платформанинг тантанали ишга туширилиш маросими бўлиб, жаҳон ҳамжамиятига ҳам у ҳақида маълумот берилган эди.

Мазкур портал 2019 йил 9 январдаги «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида» ги Президент фармонига асосан ишга туширилган. Платформанинг қулайликлари билан аҳолини яқиндан таништириш мақсадида Адлия вазирлиги вакили Фурқат Тожиев Kun.uzʼга батафсил маълумот берди.

advice.uz қандай қулайликларни тақдим этади?

Платформа барчага ҳар жойда онлайн тарзда бепул юридик маслаҳат беришни мақсад қилади. У орқали қуйидаги ҳуқуқий масалаларга ечим топиш мумкин.

- меҳнат қонунчилиги;
- чет элда ишлаш тартиби — миграция;
- паспорт тизими;
- оила муносабатлари;
- уй-жой, коммунал хўжалик;
- фуқаролар тадбиркорлиги;
- ижтимоий ҳимоя масалалари;
- соғлиқни сақлаш;
- банк, солиқ масалалари;
- транспорт соҳасидаги қонунчилик;
- давлат хизматлари;
- истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
- таълим қонунчилиги;
- суд-ҳуқуқ масалалари, ҳуқуқий ҳимоя;
- мажбурий ижро бюроси, низоларни ҳал қилиш;
- ҳарбий хизмат.

Энг муҳими, агар мурожаатчи ўзини қизиқтирган масала бўйича маълумот топа олмаса, онлайн-маслаҳатчи хизмати мавжуд. Ўша хизмат орқали бемалол малакали мутахассислар орқали саволларга жавоб олиш мумкин бўлади.

Ҳозирда сайт яратилди, ҳуқуқий маслаҳатлар бериляпти. Лекин асосий муаммолар жойларда, ҳудудларда. Шунинг учун ҳар бир туманда www.advice.uz'нинг маслаҳат бюроларини ташкил этиш режалаштирилган. У ерга фуқаролар бевосита келиб, бепул ҳуқуқий маслаҳат олишлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, босқичма-босқич тарзда узоқ аҳоли бориши қийин бўлган ҳудудларни ҳам қамраб олиш мақсад қилинган. Яқин келажакда ҳар бир инсон ҳуқуқий муаммолар ечимини ўз маҳалласидан чиқмасдан туриб топиш имконияти яратилади.

Буюк Британия андозасидаги платформа

Ҳар томонлама қулай платформа яратиш учун чет эл тажрибаси ўрганилди. Ва мақсадни амалга оширишда Буюк Британиянинг Citizens Advice тармоғи андоза қилиб олинди.

Citizens Advice – бутун Буюк Британия бўйлаб фаолият юритадиган 316та мустақил хайрия ташкилотларидан иборат тармоқ бўлиб, у фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат беради. Тармоқ 1939 йилда ташкил этилган, ҳозирда унда 7000 нафар ходим ва 22 мингдан ортиқ кўнгилли волонтёрлар фаолият юритади.

Шундан келиб чиқиб, Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси билан ҳамкорликда Citizens Advice тизимининг Ўзбекистондаги аналоги www.advice.uz сайти орқали фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериши тизими яратилди.

Ҳуқуқ соҳасига оид барча мавзулар қамраб олинганми?

Платформа мундарижасини яратишда давлат ташкилотлари, Халқ қабулхоналарига энг кўп келаётган мурожаатларнинг мазмуни таҳлил қилинди, одамларни кўпроқ қайси масалалар қийнашидан келиб чиқилди.Хусусан, меҳнат, таълим, оила, солиқлар, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, давлат хизматлари ва бошқа шу каби соҳалар бўйича керакли маълумотлар жойлаштирилди.

www.advice.uzʼда юридик шахслар фаолияти, жумладан юридик шахслар тадбиркорлиги ҳақида маълумотлар мавжуд эмас ва бу йўналишда келиб тушган саволларга жавоб берилмайди. Яъни портал асосан жисмоний шахсларга тааллуқли масалалар бўйича тезкор ҳуқуқий маълумотларни қамраб олган.

Асосийси, бепул ва халқчил тилда

Бу ижтимоий лойиҳа даромад олишни мақсад қилмайди. Шу сабабли порталдан фойдаланиш мутлақо бепул. Бундан ташқари, у ерда жойлаштирилган маълумотлар қийин юридик ибораларда эмас, барча учун тушунарли, халқчил йўсинда баён қилинган, тили содда. Бунинг учун ҳуқуқшунослар билан бир қаторда филологлар жамоаси ҳам меҳнат қилган.

Шунингдек www.advice.uz да махсус чет элликларга эслатма деган бўлим мавжуд. Мазкур бўлимда Ўзбекистонга кириш, виза олиш, чиқиш, прописка, уй олиш, оилавий муносабатлар, меҳнат қилиш тартиби, таълим олиш каби масалалар ёритилган. Шунингдек, судда иш юритиш, даъво ариза киритиш, судда қатнашиш ва шу каби суд жараёни тартиби ҳам мавжуд.

Ушбу маълумотлар билан ўзбек, араб, хитой, испан, инглиз, француз, немис ва рус тилларида танишиш мумкин. Келгусида имконият ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда бошқа тиллардаги шакли ҳам яратилиши мумкин.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Advice.uz – энди ҳар ким ҳар ерда бепул юридик маслаҳат олиши мумкин