Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Фарҳод» бозорида рўй берган воқеага изоҳ берди

  • 13 июнь 2019, 14:22
  • 1 108
  • Жамият
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Фарҳод» бозорида рўй берган воқеага изоҳ берди
    Шу кунларда ижтимоий тармоқларда «Фарҳод» деҳқон бозори ҳудудида кекса ёшли бир аёлнинг тоби қочгани ва чақирилган «тез ёрдам» кечикиб келгани туфайли бемор шифохонада вафот этгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу ҳолат ўрганилди.

    Маълум бўлишича, 2019 йил 8 июнь куни соат 10:24 ва 10:34 оралиғида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси Call марказига алоҳида-алоҳида иккита қўл телефонидан қўнғироқ бўлади ва улардан бири ёши 50-60, иккинчиси 60-70лар оралиғида аёлнинг «Фарҳод» деҳқон бозори ҳудудида соғлиғи ёмонлашганини маълум қилади. Ушбу маълумот зудлик билан Учтепа тумани 4-подстанциясига етказилиб, воқеа жойига «тез ёрдам» бригадаси жўнатилади. Навбатчи диспетчер вазиятни ўрганиш мақсадида соат 10:44 ларда қўнғироқ қилганида «тез ёрдам» манзилга етиб бориб, беморга биринчи ёрдам кўрсатаётган бўлади.

    Бироқ, соат 10:59 да «Фарҳод» бозоридан яна телефон бўлиб «тез ёрдам» кутишаётганини маълум қилишади. Шунда бозор ҳудудида иккита бемор борлиги маълум бўлади ва зудлик билан бошқа «тез ёрдам» бригадаси жўнатилади. Аммо, «тез ёрдам» боргунича бемор йўловчи машинада шифохонага олиб кетилган экан.

    — Бозорлар, чорраҳалар, жамоат жойларида бирор бахтсиз ҳодиса рўй берса ёки кимнингдир тоби қочиб қолса, одатда воқеага гувоҳ бўлган йўловчилар «тез ёрдам» чақиради. Бундай мурожаатларда кўпинча тез тиббий ёрдамга муҳтож беморлар бозорнинг ёки чорраҳанинг қайси бурчагида эканлиги аниқ кўрсатилмайди. Аксарият ҳолларда телефон қилган одам ҳам воқеа жойидан кетиб қолади, — дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Даврон Султонов. — Натижада «тез ёрдам» машинаси беморни тополмай овора-ю сарсон бўлади, бемор топилгунча анча вақт йўқотилади. Кўпчилик ҳолларда бундай чақириқларда беморларни топиш имконияти бўлмайди.

    Таъкидланишича, бугунги кунда Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясида 179 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолига хизмат кўрсатаяпти. Тизимда 705 нафар шифокор ва 1150 нафар ўрта тиббий ходимлари ҳамда диспетчерлар фаолият юритяпти. Ушбу тез тиббий ёрдам бригадаларига кунига ўртача 3000га яқин (куз-қиш мавсумларида чақириқлар 4000 дан ҳам ошади) чақириқ тушади. Уларга ўз вақтида бориб тиббий ёрдам кўрсатиляпти.

    Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станция таркибидаги Call-марказда икки нафар шифокор 36 нафар ўрта тиббий ходим – диспетчерлар аҳолидан тушган қўнғироқларни қабул қиляпти. Ушбу тиббиёт ходимлари қўнғироқни қабул қилиш баробарида беморнинг яқинларига биринчи ёрдам кўрсатиш йўлларини ҳам уқтиради. Зеро, беморга шошилинч вазиятда токи шифокор етиб келгунича аниқ ва тўғри кўрсатилган биринчи ёрдамнинг инсон ҳаётини асрашда ўрни ниҳоятда муҳим.

    Фикрлар

    » » Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Фарҳод» бозорида рўй берган воқеага изоҳ берди