06:43 / 24.06.2019
3 428

Учталик эгизак туғилган оилаларга ёрдам масаласида жиддий таклиф илгари суриш фурсати келмадими?

Учталик эгизак туғилган оилаларга ёрдам масаласида жиддий таклиф илгари суриш фурсати келмадими?
Шу йилнинг ўзида Паст Дарғом ҳамда Самарқанд туманларидан бир хил мазмундаги иккита шикоят келиб тушди. Иккаласининг оиласида ҳам учталик эгизак туғилгани, уларга давлат томонидан ёрдам берилмаса, болаларни катта қилиш қийин кечаётгани баён этилган.

Гап автомашина олиш, ёки қандайдир қўшимча имтиёзлар ҳақида кетмаяпти. Масалани янада аниқроқ баён этадиган бўлсак, чақалоқларни соғлом катта қилиш учун уч чақалоққа битта онанинг сути етмаслиги аниқ. Демак, улар саноат усулидаги сут ва бўтқаларга муҳтож. Уларнинг бугунги кундаги нархини айтмасак ҳам кўпчилик билса керак.

Энди тасаввур қилинг, гўдакларнинг фақатгина озуқаси учун ҳар ойда неча юз минглаб маблағ сарфланади. Эҳтимол, бир оила фарзанд кутаётганда битта гўдакни, борингки икки гўдакни катта қилишга қурби етишини билади. Аммо уч нафар гўдакнинг бирдан туғилиши ҳар қандай ота-она учун ҳам моддий, ҳам руҳий қийинчилик келтириб чиқариши мумкин. Самарқанд туманидан мурожаат қилган ота эса учталик гўдакни рафиқаси билан эмас, онаси билан катта қилаётир.

Беш ойдан бери маҳалладан пул ололмайман

— Эгизак қизалоқларим туғилгандан йигирма кун ўтгач, турмуш ўртоғим ҳеч бир сабабсиз, тўсатдан вафот этди, — дейди Самарқанд тумани, Меҳробод маҳалласида истиқомат қилувчи Алишер Азизов. — Бир ёқда рафиқамнинг вафоти, бир ёқда уч нафар гўдакка қараш. Ҳозир онам уларга қараяпти, аммо, мана, беш ойдирки маҳалла бола парвариши учун нафақа пулини чиқариб бергани йўқ. Яқин кунларда ҳал бўлади, аммо бир нафар болага чиқариб берамиз, дейишяпти. Ахир ижтимоий тармоқларда кўряпмиз, учталик эгизакларга автомобиль бериляпти ҳатто! Лекин онасиз қолган эгизакларга наҳотки бола пулини чиқариб бериш ҳам шунчалик қийин бўлса?!

Тўғри, отанинг бир неча мурожаатидан сўнг оилага туман ҳокимлиги томонидан учта беланчак, совға-саломлар келтириб берилди. Қолаверса, болалар бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимидан боқувчисини йўқотгани учун нафақа олишади. Қолаверса, гўдакларга қараш учун туман тиббиёт бирлашмаси ҳам имтиёз яратиб берган. Аммо маҳалла томонидан нафақа ҳамон чиқариб берилмаган.

Нафақа болага эмас, онага берилади

Пастдарғомлик оила эса уч нафар эгизакнинг фақат бир нафарига нафақа пули берилаётганидан норози. Ушбу норозилик бўйича «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлимига савол жўнатдик. Фонддан келган жавоб хатида қуйидагилар баён этилган:

«Уч нафар эгизакларга давлат томонидан қандай имтиёзлар борлигини сўраб қилинган мурожаат юзасидан маҳалла йўналиши бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

Фуқаролар йиғинларида кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 17-бандида болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги ариза уч босқичда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган, шуни инобатга олиб, ойнинг 15-санасига қадар маҳалла фуқаролар йиғинига ёзма ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Низомнинг 8-банди болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади. Бундан ташқари, Низомнинг 6-бандида фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд деб эътироф этилган оила нафақа ёки моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган».

Учталик эгизакларга қўшимча ёрдам керак

Статистик маълумотларга мурожаат қилмасак ҳам кейинги йилларда учталик эгизаклар туғилиши кўпаяётгани маълум. Табиийки, юқорида таъкидлаганимиздай, оиладаги бу каби кўпайиш моддий жиҳатдан аҳволи ўртача бўлган оилаларни ҳам қийнаб қўйиши аниқ. Улар қўшимча моддий ёрдам кўрсатиш ҳақида тегишли низомлар ишлаб чиқиш лозимдир.

Қолаверса, ростдан ҳам юқоридаги мурожаатчи айтгандай, интернетдаги ахборот сайтларида тинимсиз айтилаётган, баъзи учта эгизак туғилган хонадонларга автомашина берилаётганини бошқа, шундай оилалар эшитмайди, дейсизми?

Назаримда «Оила» маркази, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бу масалани ўрганган ҳолда жиддий бир таклифни илгари суриши лозим.

Гулрух МЎМИНОВА

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Учталик эгизак туғилган оилаларга ёрдам масаласида жиддий таклиф илгари суриш фурсати келмадими?