Жаҳонгир Ортиқхўжаев ноқонуний дарахт кесувчиларни тутиб олди

  • 26 июнь 2019, 16:35
  • 1 206
  • Жамият
  • Жаҳонгир Ортиқхўжаев ноқонуний дарахт кесувчиларни тутиб олди
    Шаҳар ҳокимининг кун тартиби тиғиз. Шунга қарамай ҳоким ҳар куни кечки пайт Тошкентни айланиб, пойтахт ҳаёти, муҳитини ўрганади, кузатади, дея хабар беради шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

    25 июндан 26 июнга ўтар кечасидаги кузатув давомида Алишер Навоий шоҳ кўчасидан ўтар экан, «Туркистон» санъат саройининг олд томонида дарахтлар кесилаётганига гувоҳ бўлди.

    Ҳоким ушбу ноқонуний ҳаракат бўйича изоҳ сўраганида, «табиат кушандалари» диаметри 70-80 сантиметр бўлган 20 та дарахтни кесиш учун «Ягона ойна» давлат хизматлари марказидан 61 минг сўм эвазига рухсат олганларини маълум қилишди. Воқеа жойига тезлик билан Юнусобод туман ҳокимлиги, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, ИИББ ва прокуратура мутасаддилари чақирилди.

    Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ушбу ноқонуний ҳаракатга алоқадор гуруҳ қўлга олинган. Прократура назоратида соғлом дарахтларни кесиш бўйича аниқланган ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

    Текширув натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилади.

    Ушбу ҳолат сабаб биз ҳамшаҳарларимизга яна бир бора мурожаат қилиб, агар шундай вазиятларга гувоҳ бўлсалар, дарахтлар кесиб бўлинганидан сўнг эмас, мазкур ишга тайёргарликни сезишган заҳоти 102 рақами орқали ИИББга ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 71 210 01 63 рақамига қўнғироқ қилишларини сўраган бўлардик.

    » » Жаҳонгир Ортиқхўжаев ноқонуний дарахт кесувчиларни тутиб олди