21:39 / 26.06.2019
4 316

Ёғ-мой саноати корхоналари хусусий секторга бериладими?

Ёғ-мой саноати корхоналари хусусий секторга бериладими?
Ўзбекистонда ташкил этилган Ёғ-мой саноат уюшмаси таркибида 40дан ортиқ корхоналар мавжуд бўлиб, уларнинг 23таси давлат корхоналари ҳисобланади. Айни пайтда ушбу ёғ-мой ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг 50 фоизлик қувват билан ишлаётганлиги ва самарасизлиги маълум қилинди. Бу ҳақда «Давлат активларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришнинг долзарб масалалари» мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжумани доирасида ахборот берилди.

Таъкидланишича, давлат иштирокидаги 23та корхонанинг ҳаммаси «сариқ саҳифалар» қоидасига мувофиқ хусусийлаштирилиши назарда тутилган.

«Сариқ саҳифалар» қоидаси нима?
«Сариқ саҳифалар» қоидаси кўра, иқтисодиётнинг маълум бир соҳасида хусусий корхоналар сони 3тадан ортиқ ва рақобат кучли бўлса, ўша соҳада давлат иштирокидаги корхоналарни очишга йўл қўйилмайди. Ривожланган давлатлар ва қўшни Қозоғистонда ҳам бу қоидага амал қилинади.

«Ушбу масала юзасиданЎзбекистонда тўқимачилик саноат соҳасини мисол тариқасида ўрганиш мумкин. Бугунги кунда бу соҳада давлат иштирокидаги корхоналар деярли қолмаган», — дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги департаменти бошлиғи Бахтиёр Ҳайдаров.

Тизимда кутилаётган ўзгаришлар
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан 2019-2021 йилларга мўлжалланган «Давлат иштирокидаги тижорат ташкилотларига эгалик қилиш, уларни бошқариш ва ислоҳ этиш стратегияси»да кўзда тутилган асосий ўзгаришлар ҳақида матбуот анжуманида маълумот берилди.

«Ҳозирда қанча акция сотувга чиқарилишидан қатъи назар битта лот билан сотилади. Натижада, акцияни ҳаммасини сотиб олиш, ёки умуман сотиб олмасликка тўғри келади. Янги «бир акция-бир лот» лойиҳасида эса, ҳар бир акция учун алоҳида лот ажратилиши кўзда тутилган. Эндиликда тадбиркор ўз маблағига қараб акциянинг бир қисмини сотиб олиши мумкин бўлади», —дея таъкидлаган Б.Ҳасанов.

Маълумот учун, масъулияти чекланган фирмаларнинг энг кенг тарқалган шакли акционерлик жамияти бўлиб, одатда кўпроқ фойда олиш мақсадида моддий, меҳнат ва пул ресурсларини бирлаштирган уюшма ҳисобланади.

Одатда, акционерлик жамиятлари очиқ ва ёпиқ турда бўлади. Очиқ турдаги акционерлик жамиятида акцияларни эркин сотиб олиш ва сотиш мумкин. Ёпиқ турдаги акционерлик жамиятида эса акциялар бир неча кишилар (корхоналар) га тегишли бўлиб, бозорда эркин сотиб олиниши мумкин эмас.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ёғ-мой саноати корхоналари хусусий секторга бериладими?