19:25 / 29.06.2019
4 146

Фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат кўрсатиш тизими қандай ишлайди?

Фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат кўрсатиш тизими қандай ишлайди?
Мамлакатимиз аҳолисини ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлаш ва бу борада Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш тизимини йўлга қўйиш мақсадида Адлия вазирлиги ташаббуси билан «Advice.uz» ҳуқуқий ахборот тизими яратилди. Мазкур тизимни ишлаб чиқишда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда «Citizens Advice» тармоғи тажрибаларидан кенг фойдаланилди.

Маълумот ўрнида: «Citizens Advice» (Фуқаролик Кенгаши) – Буюк Британия давлати ҳудудида фаолият юритадиган 316 та мустақил хайрия ташкилотларидан иборат тармоқ бўлиб, бу тармоқ фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш фаолияти билан шуғулланади. Тармоқ 1939 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги пайтда унда етти минг нафар ходим ва йигирма икки мингдан ортиқ кўнгилли волонтерлар фаолият кўрсатади.

Адлия вазирлиги томонидан «Advice.uz» ҳуқуқий ахборот порталини яратишдан асосий мақсад жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини юксалтириш ҳамда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришдан иборат.

Шунга кўра, ушбу ҳуқуқий ахборот порталининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланмоқда:

фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича, шу жумладан, онлайн маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш;

фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб бориш ишларига кўнгиллиларни сафарбар этиш;

фуқаролар томонидан ҳуқуқий маслаҳат беришга оид сўровларни таҳлил қилиб бориш, таҳлил натижасига кўра ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда инновацион усулларни, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларини татбиқ этиш;

«Advice.uz» ҳуқуқий ахборот порталини мунтазам равишда юритилиши ва янгилаб борилишини таъминлаш.

Ўз навбатида, мазкур портални ишлаб чиқишда фуқароларни қизиқтираётган қайси масалаларга кўпроқ эътибор қаратилганлиги, шунингдек ундан фойдаланувчилар, яъни, мамлакатимиз аҳолиси учун қандай қулайлик ва афзалликлар яратилганлиги ҳақида тўхталиб ўтсак.

Авваламбор, портални ишлаб чиқиш жараёнида, фуқароларнинг давлат ташкилоти ва мансабдор шахсларга қилаётган мурожаатлари ва уларни қайси соҳадаги муаммолар кўпроқ ташвишга солаётганлиги таҳлил қилинди. Таҳлиллар, аксарият ҳолларда фуқаролар кундалик турмушда вужудга келадиган айрим бирламчи муаммоларни ҳал қилиш учун айнан қайси ташкилотга ёки мансабдор шахсга мурожаат қилишни билмай, баъзан оддий ижтимоий масалаларни ҳам ечимини тополмасдан, овора бўлади.

Бундан ташқари, фуқароларга адвокатлик тузилмалари томонидан шартнома асосида кўрсатилаётган пуллик хизматлар ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган аҳолининг реал даромадларига мос келмаслиги сабабли, уларнинг бепул юридик ёрдам олишга бўлган имкониятлари чекланиб қолади.

Ушбу таҳлиллар натижасига кўра ҳамда кўпчилик мурожаат қилиши мумкин бўлган ижтимоий масалаларни эътиборга олган ҳолда порталнинг фуқароларни қизиқтирган ҳуқуқий мавзулар бўйича маълумотлар базаси яратилди. Ушбу база орқали фуқаролар таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой, меҳнат ва оилавий муносабатлар, давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда бошқа соҳалар бўйича зарур ва фойдали маълумотларга эга бўладилар.

Шунингдек, порталда ундан фойдаланувчилар учун онлайн-маслаҳатчи хизмати ҳам мавжуд бўлиб, унга мазмуни қисқа ва тушунарли тарзда ёзма равишда баён этилган саволлар онлайн режимида юборилади.

Онлайн-маслаҳатчи хизматига, ўзларини қизиқтирган турли муаммоли масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилган фуқароларга мутахассислар томонидан онлайн маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш орқали бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатилади.

Порталга ундан фойдаланувчилар томонидан онлайн режимда юбориладиган қисқа мурожаатлар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига тенглаштирилмайди ҳамда уларга берилган ҳуқуқий маслаҳатлар тавсиявий характерга эга бўлади.

Бир сўз билан айтганда, бугун кундалик ҳаётида юзага келган маълум бир ижтимоий муаммосини ҳал қилиш учун ишни нимадан бошлашни билмай турган фуқаро, www.advice.uz сайти орқали порталга мурожаат қилиб, ўзини қизиқтирган масаланинг аниқ ечимини топиш имкониятига эга бўлади.

Ушбу портал ижтимоий лойиҳа ҳисобланади ва ундан фойдаланиш мутлақо бепул. Порталдаги маълумотлар ва ҳаволалар имкон қадар содда ва кўпчилик учун тушунарли бўлган тилда жойлаштирилган.

Порталда чет элликларга эслатма деб номланган бўлим мавжуд бўлиб, унда Ўзбекистонга кириш ва бўлиш тартиби, шунингдек, кириш визаларини бериш, узайтириш, вақтинча прописка қилиш, хорижий фуқароларни аккредитация қилиш тартиби каби масалалар бўйича зарур маълумотларга эга бўлиш мумкин. Ушбу маълумотлар билан инглиз, француз, немис, хитой, испан, араб, рус тилларида танишиш имконияти мавжуд.

Мамлакатимиз аҳолисига, айниқса, жойларда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида порталнинг ҳудудий бўлинмалари ва ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилади.

Шунингдек, келгусида аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини жойларда ҳал қилиш мақсадида босқичма-босқич равишда ҳар бир туманда маслаҳат бюролари ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу режаларни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилиши ҳар бир фуқарога ўзи яшаётган ҳудудда, ўзи хоҳлаган пайтда зарур ҳуқуқий ахборотни олиш, ундан фойдаланиш ва ўзини қизиқтирган бошқа ижтимоий масалаларнинг ҳуқуқий ечимини топиш имкониятини яратади.

Тўлқин Турсунов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
бош маслаҳатчиси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат кўрсатиш тизими қандай ишлайди?