23:03 / 11.07.2019
7 445

ИИВ Имон Каримова учун Instagram᾽даги хабарларни ким тайёрлашига ойдинлик киритди

ИИВ Имон Каримова учун Instagram᾽даги хабарларни ким тайёрлашига ойдинлик киритди
Имон Каримова Instagram саҳифасидаги қолдираётган хабарлари хусусидаги саволларига жавоб берди. Бу ҳақда ИИВ хабар қилмоқда.

Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддасида кўзда тутилган ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш мақсадида қизи Имон Каримова билан 2019 йилнинг 7 июль кунидан 10 июль кунига қадар узоқ муддатли учрашув берилган.

Маълум қилинишича, учрашувдан сўнг фикр ва таассуротларини ўрганиш мақсадида Имон Каримова билан суҳбат ўтказилган.

Суҳбат давомида у онаси Гулнора Каримованинг айни пайтда соғлигидан шикояти йўқлигини, зарур ҳолларда муассаса тиббиёт бўлими ходимлари томонидан ўз вақтида алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, онасига нисбатан Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳеч қандай босим ўтказилмаётганлигини билдирган.

“Г.Каримованинг жазони ижро этиш колониясидаги ҳолати юзасидан интернет тармоқларида нашр этилган материаллар ҳақида Имон Каримовадан сўралганда, ҳақиқатдан ҳам “Instagram”даги “iman.k17” саҳифаси унга тегишли эканлигини, аммо онаси Г.Каримова билан боғлиқ материаллар ушбу саҳифага бошқа шахслар томонидан тайёрланишини маълум қилди”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, июль ойининг бошида швейцариялик адвокат Грегуар Манжа Гулнора Каримованинг қамоқхонада оғир аҳволда сақланаётганини рўкач қилиб, Швейцария суди томонидан Ўзбекистонга қайтарилиши керак бўлган 555 миллион долларни тўхтатиб қўйган эди.

Бунга жавобан, Ўзбекистон Адлия вазирлиги вакиллари 3-4 июль кунлари 21-сонли аёллар жазони ўташ Колониясида бўлиб, Гулнора Каримова қамоқ жазосини ўташ ҳолатини батафсил ўрганиб чиқди.

Ўрганиш натижасида Г. Каримова қамоқхонада қонун бўйича маҳбуслар учун рухсат берилган барча ҳуқуқлардан фойдаланаётгани маълум бўлган.

Ўзбекистон Биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида бир қатор иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилган ва 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган эди. Бош прокуратура Гулнора Каримованинг 12 хорижий мамлакатда жами 1,5 миллиард доллар мол-мулки борлигини аниқлаган. Шундан энг каттаси қисми – 800 миллион долларлик мулк Швейцарияда сақланади.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ИИВ Имон Каримова учун Instagram᾽даги хабарларни ким тайёрлашига ойдинлик киритди