08:23 / 12.07.2019
3 964

«Бир кун сен ҳам қайнона бўласан»

«Бир кун сен ҳам  қайнона бўласан»
Каромат аянинг икки нафар ўғли бор. Каттаси Содиқ иккинчиси Ортиқ. Уларни едирди, ичирди ҳеч кимдан кам қилмай катта қилди... Умрнинг тез ўтишини қарангки, болалар кўз очиб юмгунча катта йигитлар бўлишди.

Иккиси ҳам бақувват, эсли-ҳушли бўлиб, вояга етди. Касб-ҳунар эгаси бўлишгач, уларни уйлантириш пайига тушган ота-она қувончдан ичига сиғмас эди. Кўп ўтмасдан, эркатой набираларнинг суюкли бобо-бувисига айланишди. Икки ўғилнинг фарзандлари ҳам ҳаш-паш дегунча улғайди. Уйда Каромат аянинг айтгани-айтган, дегани-деган эди.

Бир куни гапдан гап чиқиб, ака-ука ўртасида келишмовчилик юзага келди.
– Ака, сиз нотўғри тушун­манг-у, жиянингиз ҳам улғайиб, катта бўлиб қолди. Эрта-индин уйланадиган ёшга етди. Келин келгандан кейин уй бироз кичиклик қилмасмикан? Камига сизнинг келинингиз ҳам шу ерда бўлса...

Бу гаплардан жаҳли чиққан Содиқ укасига ўшқирди:
– Ҳа, ука!.. Ҳали биз уйга сиғмай қолдикми? Бунча бағринг тор бўлмаса, шунча пайт яшаб келганмиз-ку.

Аламдан хўрсинганча, эшикни қаттиқ ёпиб, чиқиб кетди. Кечки дастурхон атрофида Содиқ гап бошлади:
– Дада, ойи, ҳайҳотдай ҳовлига укажоним сиғмай қолиб­ди. Шунинг учун ҳовлини тенг иккига бўлсаларингиз эркатой ўғлингиз ёнига уй солиб, ўзи хоҳлаганича кенгайтириб олар­миди. Хўш, нима дейсизлар?

Она ҳайратдан қотиб қолди. Ортиқ ўрнидан туриб, қўлини пахса қилганча, «бу уй меники, одат бўйича уй кичик фарзандга қолади. Демак, акам бошқа жойдан уй олиб чиқиб кетиши керак. Ҳеч қандай ярим деган нарса йўқ, гап тамом!», дея ичидаги дардини айтиб, енгиллашиб олди.

Вазиятни кузатиб турган хотини мийиғида кулганча, бир чеккада турарди. Бу гапларни эшитган ота-онаси ўғлининг бу даражада акасига оқибатсиз, бемеҳр бўлиб кетишини кутмаган эди.

Тонг отиши билан Содиқ хотини, бола-чақасини олиб, нарсаларини йиғиб, кетишга шайланди. «Ижарада яшасам ҳам сизларнинг миннатли ошингизни емайман», деди-ю, эшикни зарб билан ёпиб, чиқиб кетди. Онаси минг ялиниб, ёлвормасин, зорланмасин, фойдаси бўлмади...

Ойлар, йиллар ўтаверди. Содиқдан хабар йўқ. Отасининг уни ахтармаган жойи қолмади. Охири эшитдики, оиласи билан бир хонали уйни ижарага олиб, кун кечираётган экан. Катта ўғли ҳам ўз аравасини ўзи тортиб юрибди... Рўзғор катта эди, харажат кўп эди. Шунинг учун ҳам бир хонали уйда яшаётгани малол келмасди...

Бир куни онанинг тоби қочди. Ортиқни ёнига чақириб, «Жон болам, акангни қайтариб олиб кел. Жаҳл чиққанда ақл кетади. Уйга қайтишсин. Ахир, билиб-билмай гапирдинг-ку, тўғрими? Қаерларда юрган экан, болам бечора», – деб зорланди.

Ортиқ энди оғиз жуфтлаганда хотини илиб кетди: «Бизни энди керагимиз бўлмай қолдими ёки биз билан яшаш ёқмаяптими? Сизнинг минғир-минғир гапларингизни эшитиб яшаш бизнинг ҳам жонимизга тегди. Ҳар гапнинг бирида ўша ўғлингизни сўрайсиз! Майли, ўша ўғлингизни олиб келиб бирга яшайверинглар. Биз эса бу уйдан кетамиз. Ўғлингизни ишлари юришиб кетди энди уйингизга зорэмасмиз. Кетдик дадаси!...» Ортиқ хотинининг бу гапларига миқ этмади. Хотинининг ортидан судралиб чиққанича, оиласи билан уйни тарк этди.

Онанинг кўз ёшлари бефойда кетди. Чунки ўғил орқасига қайрилиб ҳам қарамади. Уйда ёлғиз қолган ота-она нега бундай кўнгилсизликлар бўлаётганини пайқаб турарди. Афсус ва надомат чеккани билан энди кеч. Икки ўғил ҳам уйга қайтишни хоҳламади.

Ота-онасини қолдириб кетган бу ўғиллар учун ҳаёт шу қадар осон туюлар эдики, вақт ўтиб, ўзининг бошига шундай кулфатлар тушишини ўйлаб ҳам кўрмасди...

Каромат ая оҳу нолалари тугагандан кейин ортга бир назар солди. Бир пайтлар эрининг бурнидан ип ўтказиб, ота-онаси, акаларидан ажратиб, бошқа жойга кўчиб кетгани, қайнонасининг «бир кун сен ҳам қайнона бўласан», дея зорланганлари бир-бир кўз олдидан ўтди...
Гулҳаё ҲУСАНОВА

Манба: Od-press.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Бир кун сен ҳам қайнона бўласан»