12:23 / 14.07.2019
7 206

Нодир Отажонов янги лавозимга ўтказилди

Нодир Отажонов янги лавозимга ўтказилди
Нодир Собирович Отажонов Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси - «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz нашри маълум қилмоқда.

У бу лавозимда 2018 йил мартидан буён ишлаб келаётган Мухтор Акбарович Каримов ўрнида иш бошлади. Мухтор Каримов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 июль куни Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводига ташрифидан олдин ишдан олинган. Президент ташрифи вақтида лойиҳалар Нодир Отажонов томонидан тақдим этилган.

Нодир Отажонов муқаддам бош вазир ўринбосари - Ташқи савдо фаолиятини, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш саноатини ва енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбари бўлган, 2019 йил январидан буён президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Шунингдек, манба хабарига кўра «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари ҳам ўзгарган. Олимжон Худайназарович Сапаров ишдан олиниб, унинг ўрнига «Ўзавтосаноат» АЖнинг собиқ раиси, 2019 йил январидан буён Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари сифатида ишлаб келаётган Умиджон Салимов тайинланган.

Маълумот учун, «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 17 ноябрдаги ПФ-4857-сонли «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган.

Жамият ривожланишининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

- ички ва ташқи бозорларда тизимли маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, қишлоқ хўжалиги учун талаб этиладиган, тежамкор агротехнологияларни жорий этишни таъминловчи, шу жумладан боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик, полизчилик ва чорвачиликда қўлланадиган турли замонавий техника ва механизация воситаларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришни мувофиқлаштириш;

- ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари рақобатбардошлигини ошириш, экспорт маҳсулотлари турларини ва етказиш ҳажмини кенгайтириш;

- ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги учун зарур моддий-техника ресурслари ҳамда эҳтиёт қисмлари билан таъминлашни ташкил этиш;

- қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида замонавий энергия ва металларни тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобига замонавий юқори унумдор қишлоқ хўжалиги техникалари ва механизация воситаларини чиқариш бўйича янги ишлаб чиқаришни яратиш ва амалдагиларни модернизация қилишга қаратилган илмий-техникавий ва инвестициявий фаолиятни амалга ошириш;

- «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ таркибига кирувчи ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар ўртасида илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш;

- қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нодир Отажонов янги лавозимга ўтказилди