Семинарга бормаган фермерни ИИБ ходимлари «йўқлаб» келишди (видео)

  • 20 июль 2019, 06:32
  • 1 646
  • Жамият
  • Семинарга бормаган фермерни ИИБ ходимлари «йўқлаб» келишди (видео)
    Қашқадарё вилояти Касби тумани ММТП ҳудудидаги фермер хўжалиги раҳбари ҳокимлик томонидан ўтказилган семинарга бормагани учун унинг уйига бир гуруҳ ички ишлар ходимлари «йўқлаб» келишди. Бу ҳақда «Facebook»даги «Халқ билан мулоқот» гуруҳига шу ҳақдаги видео ва фермерларнинг мурожаати нусхаси жойланди.

    Мурожаатда Касби туман ИИБ томонидан (шу йилнинг 14 июль куни) кун жазирамасида, айни тушлик вақтида далада фермерликлар ходимлари учун семинар ташкил қилиниб, иш юритувчиларга пахта даласида мажбуран маҳаллий ўғит ташитилгани айтилади. Шунингдек, фермерларнинг ҳақорат қилингани ва айримларига зўрлик ишлатилганидан шикоят қилинган.

    Видеода эса бир гуруҳ ИИБ ходимлари семинарга бормаган фермернинг уйига келиб, уни сўроқ қилаётганини кўриш мумкин.

    — Мен нима гуноҳ қилдим? — деб сўрайди фермер.
    — Нега семинарга бормадингиз?

    — Қандай бормадим, менинг одамим бориб келди. Мен далада иш қилаётгандим, — деб жавоб берган фермер. — Бу нима аҳвол? Бутун органни одамларини йиғиб келибсиз, тепамга келиб, нима, мени давления қилиб ўлдирмоқчимисиз? Мен ҳам давлатнинг ишини қилиб, энди жавобам берайми?..

    — Ҳокимнинг топшириғи, нега бормадингиз?
    — Вакилим бордику, мен далада «капалак» қилаётгандим...

    — Семинарга бориб келиб қилсангиз бўлардику?
    — Уни эрталаб салқинга қилинади.

    — Бориб рухсат олиб келиш керак эди.
    — Кимдан сўрайман?

    — «Начальник мелиса»дан.
    — Ҳар куни мен далада ишлайманку, қанақа «начальник мелиса», органда ишламайманку.

    — Топшириқ...
    — Кимни топшириғи бўлсаям шу давлат учун ишлаяпманку, — дейди фермер.

    Видеода, шунингдек, ИИБ ходими фермердан шартномаларни сўрайди, фермер эса уни ҳозир тақдим эта олмаслигини, идорага олиб боришса ёки судга беришса, шунда тақдим этиши мумкинлигини айтади.

    » » Семинарга бормаган фермерни ИИБ ходимлари «йўқлаб» келишди (видео)