15:05 / 23.07.2019
3 042

Ҳаж учун харажатлар миқдори 5 млн сўмга арзонлаштирилди

Ҳаж учун харажатлар миқдори 5 млн сўмга арзонлаштирилди
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуаси мажлислар залида “Ҳаж – 2019” мавсуми олдидан ОАВ учун брифинг ташкил этилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан “Ҳаж – 2019” мавсуми ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўтган йиллардан фарқли равишда бу йил ҳожиларимиз сафар олдидан Ўзбекистонда бўлиб турган пайтларидаёқ ўзларини ҳам маънан, ҳам руҳан тайёрлаб, улуғ сафарга муносиб бўлиш мақсадида ижтимоий кўмакка муҳтож шахслар, кам таъминланган оилалар ва аҳоли учун хайрия ёрдами сифатида ўз ташаббуслари билан 9 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатди.

Бу йилги зиёратчиларга юқори даражада хизмат кўрсатишни таъминлаш, ҳаж ибодати билан боғлиқ амалларни тартибли адо этишни йўлга қўйиш мақсадида гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилар учун сафаролди ўқувлари ташкил этилди.

Жорий йилдан эътиборан Саудия Арабистонида барча турдаги хизматларга 5 фоизлик қўшимча қиймат солиғи ва меҳмонхоналарга яна 2,5 фоизлик солиқ киритилди. Бу, ўз навбатида, хизмат кўрсатиш нархлари ошишига сабаб бўлади. Лекин ўзбекистонлик ҳар бир зиёратчи учун белгилаган хизматлар нархи оширилиши ўрнига, сезиларли даражада туширилди.

Президент ташаббуси билан Ҳаж мавсуми учун сарф-харажатлар сметаси бўйича ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ 33 миллион 300 минг сўм этиб белгиланди. Яъни, нарх 5 миллион сўмга арзонлаштирилди.

Яна бир муҳим янгилик, бу йил ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида биринчи маротаба “Масжид ан-Набавий”дан 50 метр узоқликда жойлашган беш юлдузли “Пулман замзам” меҳмонхонасига жойлашади. Макка шаҳрида эса Ҳарамдан узоқ бўлмаган тўрт юлдузли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилади. Ҳожиларимиз учун 24 соат давомида замонавий автобуслар бепул хизмат кўрсатади.

Юртдошларимиз жорий йилнинг 24 июль – 3 август кунлари Тошкент–Мадина, Бухоро–Мадина, Самарқанд–Мадина, Қарши–Мадина, Урганч–Мадина, Наманган–Мадина Нукус–Мадина йўналишларида ҳаж сафарига кузатилади. Ҳожиларимиз 17 август – 1 сентябрь кунлари мамлакатга қайтиб келиши режалаштирилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳаж учун харажатлар миқдори 5 млн сўмга арзонлаштирилди