Ўзбек аёли жиноят қилишга мойил...ми?

  • 01 август 2019, 17:28
  • 1 021
  • Жамият
  • Ўзбек аёли жиноят қилишга мойил...ми?
    Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси жиноят қилишга мойиллиги бор аёллар рўйхатини тузибди, нақ 23 хил сифати бўларкан уларнинг. Аввало, бу рўйхатни тузишдан олдин аёл нима учун жиноятга қўл уради деган саволни бериш керак эди, менимча. Нега у гиёҳванд бўлиб қолди, нега у ажрашди, нега унинг оиласи кам таъминланган? Нега у Тошкентда вақтинча тентираб юрибди? Бу рўйхатдаги аёлларнинг барчаси билан Хотин-қизлар қўмитаси шуғулланиши керак эмасмиди?

    Аёл қачон ўз жонига қасд қилади — унинг шаъни, қадр-қиммати, номуси топталганида. Ожизалиги, заифалиги билан адолат тополмаганида. Аёл қачон жиноятчига айланади — ўзи яшаётган жамиятда уни қўллаб-қувватлайдиган бирорта одам қолмаганида, қўллаб-қувватлаши керак бўлганлар сен жиноятчисан, сен жиноятга мойилсан деган тамғани мана бундай рўйхатлар тузиб пешанасига ёпиштирганида.

    Бу рўйхатда менинг қанча аёл танишим бўлса, албатта, қайсидир томони билан мос келадигани бор. Масалан, ўгай онанинг қўлида вояга етиб эрга теккан жойида ҳам хўрликдан боши чиқмаган аёллар бор. Аммо осмон узоқ, ер қаттиқ деб бола тарбиялаяпти, меҳнатдан бўйин товламаяпти. Масалан, президент ўғлига уй совға қилиб ҳалигача расмийлаштира олмаётган бева аёл бор. Фарзандига бераётган тарбиясига ҳамма томондан бадастир оналар ибрат олса арзийди. Уларнинг тортаётган азобларига қарамай умид билан яшаётгани, жиноят кўчасига кирмаётганига бу рўйхат миннатдорлик хатими?

    Менинг танишларим орасида имконияти чекланганлар бор. Бирининг қўли йўқ, аммо тўқиш қилади, бирининг қўллари ишламайди, аммо тикиш қилади. Қандай уддалайди, деб савол берманг. Бундай аёлларнинг сабрини, тоқатини кўриш учун улар орасига кириб бориш керак. Уларни ўрнак қилиб бошқаларга кўрсатиш, уларни рағбатлантириш керак. Маълум маънода мана шу рўйхатдагиларнинг орасида жиноятчилари бордир, бироқ рўйхатни беришга етган ақл уни фоизлари билан кўрсатишга етмадими?

    Қайси ўлчамлар, қайси кўрсаткичларга асосланилган бу рўйхат. Вақтинча яшаётганларнинг ёки имконияти чекланганларнинг барчаси ҳам жиноят қилишга мойилми? Кам таъминланган оиладан чиққан аёллар ҳам бор экан бу рўйхатда. Бой хонадонда туғилганлар жиноят қилмайдими? Ҳамма томондан бахт нашидасини тотаётган аёл боласига тарбия беришда оқсамайди, деб айта оласизларми? Демак Хотин-қизлар қўмитаси шунча йиллар давомида аёлларни, хотин-қизларни ўрганмаган, улар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас, уларнинг ички дунёсини, ҳаётини билмайди. Жиноят қилмаслик учун идеал бўлиш керак эканда.

    Масалан, биз ҳам Тошкентда 10 йилдан ортиқ кам таъминланган оила бўлиб яшаганмиз, 10 йил ижарама ижара юрганмиз. Депрессия ҳолатини бошимдан ўтказганман, бир пайтлар руҳий қўллаб-қувватловга муҳтож бўлганман, ўзинг учун ўл етим деганларидек, ўзимни ўзим қўллаб-қувватлаб ўша ҳолатларни ҳам енганман. Вақтида ишсиз юрганман, гарчи касбим бўлса ҳам.

    Атрофимда дугоналарим орасида ажрашганлари бор, орасида имконияти чекланганлари бор, орасида ота-онаси ажрашиб кетганлари бор, эри ўлганлари, эри хиёнат қилганлари бор, икки боласи билан 20 йилдан бери уйи йўқлари бор, уй совға қилиниб ҳалигача расмийлаштира олмаётганлари бор. Уларнинг қизлариям бор 18 ёшгача, 18 дан ошган... санайверсам эҳ-ҳе, хуллас 80 фоиз аёллар жиноят қилишга мойил...

    Ҳар байрамларда, ҳар яхши кунларда минбарларга чиқиб аёл муқаддас, аёл она, аёл мўътабар деган мақтовларга энди ҳожат қолдими? Ўзи Ўзбекистонда аёл муқаддасми, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинганми?

    Агар билсаларингиз бу рўйхат аёллар учун расмий ташкилот томонидан билдирилган ҳақоратдай гап. Рўйхатни тузишга туздиларингиз, энди аёлларнинг қаддини кўтаришга, ҳам маънан, ҳам моддий томондан уларга кўмак бўлишга қачон отланасизлар?...

    Барно Султонова

    Манба: Xabar.uz

    » » Ўзбек аёли жиноят қилишга мойил...ми?