19:16 / 10.08.2019
2 867

«Ақлли ҳисоблагичлар» ўз кўрсаткичларини ростдан оширадими?

«Ақлли ҳисоблагичлар» ўз кўрсаткичларини ростдан оширадими?
Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда оммавий равишда ўрнатилаётган янги электр ҳисоблагичлар кўрсаткичларини кўпайтириб қайд этаётгани ҳақида эътирозлар билдирилаётгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги мутахассислари алоқадор идоралар билан биргаликда истеъмолчиларнинг шикоятларига жавоб бериб, электр энергиясини ҳисобга оладиган замонавий ускуналар ортиқча кВт соатлар «ҳосил қилаётгани» билан боғлиқ вазиятга аниқлик киритдилар.

Вазирлик хабарига кўра, охирги 25 йил мобайнида июл ойида иссиқ ҳавонинг максимал даражада сақланиб туриши қайд этилди. Бунинг натижасида, агар 2018 йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида электр энергияси истеъмоли 584,6 млн кВт соатни ташкил этган бўлса, 2019 йилнинг июл ойида бу рақам 647,9 млн кВт соатга тенг бўлди, яъни 63,3 млн кВт соат кўп электр энергияси истеъмол қилинди.

Ўрнатилган янги ҳисоблагичларда аниқлик даражаси илгариги индукцион ёки биринчи авлодга мансуб айрим электрон ҳисоблагичлардан бирмунча юқоридир. Мисол учун, агар индукцион ҳисоблагичларда аниқлик даражаси ±2,5% ташкил этса, янгиларида бу ±1,0% ташкил этади.

Бундан ташқари, индукцион ҳисоблагичларнинг аниқлик даражаси ҳар беш йилдан сўнг ±5% камаяди. Бундан келиб чиқиб айтиладиган бўлсак, айрим индукцион ҳисоблагичларда аниқлик даражаси ±10% ошиб кетган бўлса-да, биз ҳанузгача эски ҳисоблагичлардан фойдаланишда давом этяпмиз, дейилади маълумотда.

“Маълумки, айрим ноинсоф истеъмолчилар иситиш тизимига “нулевой” ўтказгич улаб олган ҳолда, электр энергиясини ноқонуний тарзда истеъмол қилиб келади. Бу эса энергия тизимига зарар етказилишига, иситиш қувурларининг ишдан чиқишига, айрим ҳолларда эса ток уриш натижасида фуқароларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлади.

Ҳозирги ҳисоблагичлар бундай ҳолатларда нафақат ҳисоблагичдан ўтаётган электр энергиясини, балки ноқонуний тарзда фойдаланилаётган қисмини ҳам ҳисобга олади”, - дейилган хабар матнида.

Билдирилишича, Сирғали тумани, 2-даҳада жойлашган 12 қаватли уйлардан бирида истиқомат қилувчи истеъмолчи С.А.Ю. сайтлардан бирида видеоролик жойлаштириб, “Ҳисоблагич ўта кўп миқдорда ҳисоблаяпти”, деб шарҳ қолдирган.

Бунга жавоб тариқасида 2019 йил 9 август куни соат 10:00 да “Электронҳисоблагич” ҚК МЧЖ ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари К.Нурматов, “Тошкентшаҳар ЭТК” АЖ директори Д.Имомов, Сирғали тумани ҳокими ўринбосари Б.Тўхаев, “Ўзстандарт” агентлиги мутахассиси Н.Нурмуҳамедовлар иштирокида “таққослаш тажрибаси” ўтказилиб, қайд этилган натижалар бўйича истеъмолчига тўлиқ тушунтириш берилди.

Истеъмол қилинган электр энергияси тўғри ҳисобланаётгани тўлиқ тасдиқланди. Бу жараёнда иштирок этган фуқаро С.А.Ю бунга иқрор бўлиб, узр сўраган ва сайтда бу ҳақда шарҳ қолдиришга ваъда берган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрининг 6 та тумани, жумладан, Юнусобод, Олмазор, Шайхонтоҳур, Учтепа, Миробод ва Сирғали туманларида автоматлаштирилган ҳисоблаш тизимини жорий этиш мақсадида 150 нафарга яқин ходим иштирокида ҳисоблагичларни алмаштириш ишлари олиб бориляпти.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ақлли ҳисоблагичлар» ўз кўрсаткичларини ростдан оширадими?