09:27 / 23.08.2019
3 080

Интернетда Ортиқхўжаев мурожаатчиларга қўполлик қилгани ҳақидаги аудиолар тарқалди

Интернетда Ортиқхўжаев мурожаатчиларга қўполлик қилгани ҳақидаги аудиолар тарқалди
16 август куни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг мажлислар залида пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда Миробод туманида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда шаҳар ҳокимидан ташқари унинг ўринбосарлари ва Миробод туман ҳокими Шуҳрат Пўлатов ҳам иштирок этган.

21 июнь куни интернетда ушбу учрашув вақтида ёзиб олинган аудиоёзувлар тарқалди. Бу аудиоёзувлар орқали учрашув давомида Тошкент шаҳри ҳокими шикоят қилиб келганларга нисбатан қўпол муносабатда бўлгани кўрсатилган.

«Озодлик» радиоси маълумотига кўра, Миробод туманида яшовчи 10дан ортиқ киши шаҳар ҳокими қабулига Нукус кўчасидаги 88-уй ва 1-Миробод тор кўчасидаги 5-уй орасидаги 60 метрлик бўш майдонни савдо мажмуаси қуриш учун хусусий тадбиркорга бериш қарорини бекор қилишни сўраб келганди.

Қайд этилишича, бу мирободликлар ва шаҳар ҳокимининг мазкур масаладаги учинчи учрашуви бўлган.

Тарқатилган аудиоларда мирободлик шикоятчилар Жаҳонгир Ортиқхўжаевга 2017 йили шаҳарнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг қарори билан машиналар тураргоҳи ва болалар майдончаси бўлган ернинг қурилишга берилганини шаҳарсозлик кодекси ва санитария талабларига зид эканини тушунтиришгани эшитилади.

«Тўққиз қаватли уйлар орасида камида 45 метр масофа бўлиши керак, бу қурилиш қилинса, орада фақат 20 метр жой қолади - бу қонунга хилоф. Болаларимиз қаерда ўйнайди, қарияларимиз қаерга чиқиб нафас ростлайди? Бу ерни хусусий тадбиркорга бериш - ноқонуний. Уни ҳеч қандай аукционсиз ҳоким қарори билан сотиб юбориш эса қонунни такрор бузишдир», дейди норози шикоятчилардан бири.

Видеокамера қаршисида мурожаатчилар вакилининг сўзларини бўлмасдан эшитган ҳоким мурожаатчилар «агар муаммо ҳал қилинмаса, президент қабулхонасига бориш, болаларни олиб митингга чиқиш» ҳақида огоҳлантиришганидан кейин ҳиссиётга берилиб, уларга бақира бошлайди.

«Мени судга беринг! Қаерга истасангиз... Боринг, Худо ҳаққи мени судга беринг!.. Сиз мени айблаяпсиз, худди мен атайлаб қилгандай!.. Боринг, қаерга истасангиз боринг! Мен бу ишлардан чарчадим... Истасангиз президентга боринг, истасангиз Худога боринг!.. Мен сиз билан хотиржам гаплашиб, бу масалани ҳал қилмоқчи эдим. Энди истасангиз, шикоят қилиб Брюсселга боринг, марҳамат!», дея столни уриб баланд овозда рус тилида гапиради ҳоким.

У баланд оҳангда давом этади: «Ҳеч ким мен билан бундай гаплашишга ҳақли эмас, мен нафақат ҳоким, балки шу мамлакат фуқаросиман, худди сиз каби... Қаерга борсангиз боринг! Истасангиз - исён қилинг, истасангиз - пикетга чиқинг. Мен нима қила оламан. Мен қонунга қарши бормайман...

Мен ҳаракат қилдим. Бунинг учун сизлар билан уч марта учрашдим... Муаммоларингизни суд ҳал қилади, мен бу муаммолардан чарчадим... Мен буни ҳал қила олмайман, тушуняпсизларми?».

Қайд этиш керакки, тарқалган аудиолар кетма-кет эмас ва қайси гаплар қайси гапдан кейин айтилганини аниқлаб бўлмайди. Лекин аудиоларда ҳоким тилидан «Эркакмисан ўзи, ғуруринг борми, мужикмисан, нимадан қўрқасан, қамалишданми?», «Эрларинг борми санларнинг ўзи, болаларинг борми, ғурур борми? Мусулмон (аëл) эркак киши гапирганда ерга қараб жим ўтиради», каби иборалар чиқади.

Бугун, 22 август куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Миробод тумани аҳолиси билан ўтказилган учрашув юзасидан изоҳ берди.

Ҳокимлик ушбу учрашувга оид бошқа бир видеони келтирган. Афтидан, бу видеода ҳоким ҳиссиётга берилиб кетишидан олдинги ҳолат акс этган.

«Биз сизлар билан уч марта учрашдик. Сизларни ҳеч қачон кутдирмадим. Ҳар сафар қабул қилдим. Бошидан сизларга ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилиб келдим, тўғрими? Лекин, у ҳам тадбиркор, мен у билан сизларнинг олдингизда кўришдим, кейин яна бир марта кўришдик. Кейин у судга берди.

Суд - учинчи ҳокимият. Бизнинг ҳокимият - ижро ҳокимияти. Биз судга таъсир ўтказишга ҳақли эмасмиз. Акс ҳолда, Конституцияни бузган бўламан. Мен ёрдам беришни хоҳлаяпман, аммо мен судга таъсир кўрсата олмайман. Судга фақат Олий суд таъсир кўрсатиши мумкин. Сизларда икки марта суд иши бўлди, икки сафар ҳам суд тадбиркор фойдасига қарор чиқарди», дея қайд этган ҳоким.

Шундан кейин, мурожаатчилардан бири сўз олиб, суд томонидан аҳолига ҳурматсизлик кўрсатилаётгани ҳақида гапиради.

«Ўтган сафар мен сиздан жуда хурсанд бўлиб кетгандим... Биз сизни дуо қилаётгандик, лекин судьянинг кечаги гапларидан ҳафсалам пир бўлди. Ёшгина йигит шунча одамнинг устидан кулиб кетди. У ҳоким масалани ҳал қилиши мумкин деди. «Нега ҳоким ҳал қилмаяпти» дейди. Бу қандай ҳурматсизлик?», дея савол билан юзланади аёл.

Шундан кейинги кадрда мурожаатчилар ўзаро баланд овозда мулоқотга киришгани кўрсатилган.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги ўз муносабатида «айрим хорижий нашрлар» ҳокимнинг сўзларини контекстдан юлиб олиш орқали нимани мақсад қилгани ҳақида савол қўйган.

«Баъзи хорижий ОАВларнинг асл мақсади ҳақида ўйланиб кўрайлик: мақсад - дунёда Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва уларнинг самараларини кўрсатишми ёки мамлакатимизнинг имижи, нуфузини туширишми?

Наҳот жамоатчилик хориж ОАВлари давлатимиз сиёсати, ҳукуматимиз ва ҳокимликлар томонидан олиб борилаётган ишларни нохолис ёритаётганини ҳамон сезмаган?

Аҳолининг муаммо ва мурожаатларини ўрганиш, ҳал қилиш мақсадида мамлакатимиз миқёсида Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхоналари ташкил этилган, Бош вазир, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари томонидан сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Шунингдек, заруратга кўра, шаҳар ҳокими аҳоли билан режадан ташқари ҳам учрашувлар ўтказади.

Шундай учрашувлардан бири Миробод туман … аҳолиси вакиллари билан бўлиб ўтган. Бу учрашув қандай бошланган, унда нималар ҳақида сўз юритилган ва мулоқотнинг қайси қисмини Озодлик эълон қилган?», дейилади хабарда.

Лекин бу баёнотда Тошкент шаҳри ҳокими мурожаатчилар билан учрашув давомида ўзини номуносиб тутгани бўйича лом-мим дейилмаган. Шунингдек, ҳокимият томонидан келтирилган икки дақиқалик видео ярмида узилиб қолгани туфайли ҳоким столни муштлаб, одамларга қўполлик қилиб бақириши фақат аудиоёзувлардагина акс этган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Интернетда Ортиқхўжаев мурожаатчиларга қўполлик қилгани ҳақидаги аудиолар тарқалди