19:15 / 31.08.2019
2 608

Ўзбекистонда Ёшлар академияси ташкил этилади

Ўзбекистонда Ёшлар академияси ташкил этилади
Фото: Google Images
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилади. Бу Президентнинг «Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган. Қарор матни ЎзАда эълон қилинди.

Ёшлар академиясига раҳбарлик Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосарига юкланади. Академияга ўзларининг инновацион лойиҳалари ва ғояларига эга иқтидорли ёшлар ва талабалар, 40 ёшгача бўлган олимлар ва тадбиркорлардан ташкил топган жамоаларни танлов асосида қабул қилинади.

Ёшлар академиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш;
  • иқтидорли ва ташаббускор ёшлар бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш ва мунтазам янгилаб бориш ҳамда уларнинг мамлакатнинг етакчи олимлари ва ишбилармонлари билан ҳамкорлигини таъминлаш;
  • илмий-тадқиқотларни бажариш иштиёқига эга иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб боришларига имкон яратиш, янги авлод ёш олимларини тайёрлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;
  • ёш олимлар томонидан аниқ вазифаларни ҳал этишга, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган илғор технологик ишланмаларни ишлаб чиқишга қулай шароитлар яратиш;
  • илмий-инновацион акселератор ва бизнес-инкубаторларни ташкил этиш асосида ташаббускор ёшларни тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш; ёшларнинг стартап лойиҳаларини хўжалик бошқаруви органлари ва давлат улуши мавжуд корхоналарни изчил ривожлантириш бўйича замон талабларига жавоб берадиган, тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва хизматларни ишлаб чиқаришга йўналтириш;
  • иқтидорли ёшларнинг ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширишларига кўмаклашиш;
  • халқаро ва маҳаллий даражада эътироф этилган ташкилотлар, университетлар, илмий марказлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш, уларнинг олимлари ва мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари, тренинглар, шунингдек, долзарб илмий-инновацион йўналишлар бўйича конференциялар, семинарлар ва танловлар ўтказиш.

Қарор билан Фанлар академиясининг Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси тугатилди ва унинг 5 та штат бирлиги амалдаги молиялаштириш тартиби сақлаб қолинган ҳолда Инновацион ривожланиш вазирлиги тизимига ўтказилди.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида вазирликка ўтказилаётган штат бирликлари ҳисобидан Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилади ва у Ёшлар академиясининг ишчи органи этиб белгиланади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлат улуши юқори бўлган корхоналарга тегишли юридик шахсларнинг инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари жами маблағларининг йилига 10 фоизи миқдоридаги маблағлари ҳар йили жамғармага ўтказилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда Ёшлар академияси ташкил этилади