Аёл суддан ўғлини эмас, эрини озод қилишни сўради

  • 09 сентябрь 2019, 21:45
  • 2 844
  • Жамият
  • Аёл суддан ўғлини эмас, эрини озод қилишни сўради
    Воқелик қаерда, қачон содир бўлгани, қолаверса, аёл ва унинг яқинлари номи-ю аъмолини ёзиш шарт эмасдай. Мухтасар айтсак, аёл фарзанди дастида куйган онаизорлардан бири. Оиласи бошига тушган савдолардан бир бурдагина бўлиб қолган: эр қамоқда, ўғил қамоқда... У ёғини сўрасангиз шўрликнинг бошпанаси ҳам йўқ. Ҳаммасига ўғли сабабчи!

    Ўғли биринчи марта қамалаётгани йўқ. Илгари ҳам уч бор «ўтириб» чиққан. Буниси — тўртинчиси. Тўрт бор суднинг қора курсисига етаклаб келган сабаб битта: ўғилнинг фирибгарлиги. Аввалги суд-терговларда ноқобил фарзанд чув туширган одамларнинг пулини бериш учун бор-будини сотишди. Шундаям бурнига сув кирмаган бола «эски ҳунари»ни давом эттираверди, эттираверди... Охирги сафар алданган одамлар отани қисди-қафасга олишди. Ноилож ота уларга тилхат ёзиб бердики, болам эмас, мен қарздорман, фалон муддатда ҳаммасини тўлайман, деб... Муддат икки бор ўтди, бироқ ваъда амалга ошмади.

    Натижада ҳақдорлар тегишли органга мурожаат этишдики, оқибатда ўғилга қўшиб, ота ҳам жиноятга шерик сифатида ҳибсга олинди. Инсоф юзасидан айтиш керак: ҳақдорлар уларнинг қамалишини хоҳлашгани йўқ. Етказилган моддий зарар қопланса, бас. Зарарни қоплашга эса имконият топилмади: ота-бола бир неча йилни «олиб» ке-етишди. Токи, зарарлар қопланмас экан, ҳали-вери озодликдан умид қилмасаям бўлади.

    Суддан кейин ҳам муроди ҳосил бўлмаган жабрланувчилар нима қилди? Айримлари пулига эмас, кунига куяётганини ҳис этиб, сабр қилган бўлса, баъзилари Мажбурий ижро бюроси ходимлари ёрдамида маҳкумларнинг хонадонидаги қўлга илингулик нарсалар сотувидан тушган пулга қаноат қилишди, айримлари эса... уйини бузиб, ундан чиққан ашёларни пулга чақиб, олиб кетишди! Бу ҳол маҳкумларнинг ҳолатини бироз енгиллаштирган бўлса-да, онаизорнинг кўчада қолишига олиб келди.

    ...Аёл Олий суд раҳбарияти вилоятда ўтказаётган сайёр қабулга ишончдан кўра катта илинж билан келганини бир қарашдаёқ илғаш қийин эмасди. Арзини тинглаган суд пешволари дарҳол ота-боланинг «дело»сини чақиртирдилар. Қаралдики, суд ҳукмини ўзгартиришга асос бордай: зарарнинг аксарият қисми қопланибди (ҳақдорлар уйни бузиб кетиши ҳисобига бўлса-да!), бу уларнинг иккисини ҳам озод этишга камлик қилади, албатта. Бироқ бир вақтнинг ўзида бир оиладан икки боқувчининг қамоқда ўтириши... инсонийлик тамойилларига кўпам тўғри келавермайди-да. Демак, ота-боладан бирига тайинланган жазони озодликдан маҳрум қилиш бўлмаган турига ўзгартириш мумкин.

    Онахондан сўралди: «Ўғлингизни чиқарайликми ёки эрингизни?»

    Аёл ортиқча ўйлаб ўтирмади: «Эримни!»

    Кутилмаган жавобдан қабулдагилар бир қалқиб тушди. Бироқ «нега?» деган савол ўша пайтда ортиқча эди. Ким билсин, она — ўз номи билан она, аммо пичоқ суякка қадалгач, куйдирмажон болага нисбатан меҳр ҳам совиб кетади, чоғи. Ёки ёш бир жойга боргач, ўғилдан кўра кўз очиб кўрган инсони аёл киши учун посбонлигича қолаверишининг исботи эканми бу? Ёхуд ҳар қандай нозик жинс вакиласи нобакор ўғилдан кўра эрнинг олдида ўзини хотиржамроқ ҳис этишининг белгисимикан бу жавоб? Қайдам, қайдам...

    ...Ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Олий судида фирибгарликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган ота-болага оид жинояти ишининг отага тегишли қисми назорат тартибида (судьялар: И.Раҳмонқулов, Х.Қосимов, Б.Мўминов) кўриб чиқилди. Отага нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг ўталмай қолган қисми озодликдан чеклаш жазосига алмаштирилиб, маҳкумнинг тегишли муассасадан дарҳол озод қилиниши ҳақида ажрим қабул қилинди.

    Ажримни қаттиқ йиғи билан қарши олган аёл ҳужжатни қўлига оласола йўлга тушгани аниқ. Эрига пешвоз чиқадиган ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ, ахир?!

    Манба: Xabar.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Аёл суддан ўғлини эмас, эрини озод қилишни сўради