08:10 / 13.09.2019
9 146

Насроний атиргули (1-қисм)

Насроний атиргули (1-қисм)
Кўҳна даврларнинг инсонлари билан ўзимизни солиштирсак, мақташга арзигулик ҳеч нарсамиз йўқлигига гувоҳ бўламиз.
Улардан ортиқроқ ўлдиряпмиз!
Улардан кўпроқ жанжал кўтаряпмиз!
Улардан анча қолоқмиз!

Бошқа динларнинг вакиллари, яъни бутун дунё билан аслида қариндошмиз. Баримиз илк инсоннинг авлодларимиз. Шундай экан, қайси динга эътиқод қилишимиздан қатъи назар, бир-биримизга туҳмат тошларини отмаслигимиз, бир-биримизга ғов бўлмаслигимиз, бошқаларнинг яшаш ҳуқуқини чекламаслигимиз даркор.

Бир халқнинг уч-тўрт вакили хатога йўл қўйса ва бу хатонинг бадали бутун бошли халқдан сўраладиган бўлса, инсонийликдан оғиз очиш мумкинми?..

Бошқа динларнинг вакиллари билан бир ота-онадан тарқалганмиз. Бир-биримизни ўз динларимизга чақиримиз мумкин, бироқ бу чақириқ жавобсиз қолса, бир-биримизни шундоқлигимизча қабул қилишга мажбурмиз.
Бу китобни ўқиб битирмай туриб у ҳақида фикр билдириш учун ё нохолис, ёки жоҳил бўлиш керак...
* * *
Бизга қилинган ҳақоратлар учун ўч олишни ўйламай, қизиқувчиларга фойдаси тегар деган илинжда “Насроний атиргули”ни қаламга олдим.
Баъзи дўстларим ўқиб кўришди, “Бу роман мавзу нуқтаи назаридан янгилик бўлибди", – дея фикр билдиришди. Буни эзгу тилак сифатида қабул қилиб, дўстларимга ташаккур изҳор этаман.

Мазкур асарни ёзишда ёрдам берган, “Иегова гувоҳлари” сафидан мусулмонликка қайтган Жамилага ва Ойнур Бебекка, “Бу мусулмонларга кўзгу тутгулик роман бўлибди”, – дея мақтаган филолог-ёзувчи Яшар Қоплонга ҳам чуқур миннатдорчилик билдираман.

Ушбу китобнинг таъсирли бўлиши учун ҳар доимгидек Ас-Сомеъга мурожаат қилдим. Мурожаатим У ва менинг орамда қолади...
Амина Шенликўғлу,
2000 йилнинг 1 апрели, Истанбул


НАСРОНИЙ АТИРГУЛИ

Мен Жамиламан.
Ҳаётим ҳикоясини мен учун энг ажавтовур киши ҳисобланувчи Исмат девона билан бошламоқчиман.

Ёши мендан анча катта бу одамни умримнинг охиригача унутмасам керак. Қорачадан келган, узун бўйли, қора кўзли ва қалин қошли Исмат девона ваҳимали одам эди. Аммо шу ваҳимаси билан бир қаторда кишини ҳайратга соладиган жиҳатлари ҳам бор эди.

Бўғоздаги[1] вилламизнинг олдидан ҳар куни ўтишни канда қилмайдиган Исмат девона нима бўлса бўлсин, мендан хабар олмай қўймасди. Юрагимни анчагина сиққан бу одам гўёки маҳалламизнинг тумори эди. Биз бу маҳаллага кўчиб келганимиздан икки-уч ой кейин у ҳам пайдо бўлди. Ўзи девона бўлса-да, менга ёрдам беришга ошиқиши, мени ҳимоя қилишга уриниши асабимни бузарди. Гоҳида исён қилардим. “Жинни-ку бу, келиб-келиб менга йўлиқдими? Онам ҳам эмас, отам ҳам эмас, нега мени қўримоқчи бўлаверади?” – деганча ҳўнграб йиғлаганларим эсимда.

Мен Германияда туғилганман, ўша ерда улғайдим. Отам Туркиядаги лицейда ўқишимни, менга вилла олишларини айтганларидан кейин шу ерга – виллаю қасрлардан иборат мавзега келиб қолдим. Кейин менга Исмат девона йўлиқди. Фақат менга эмас, бувимга ҳам. Вақти-вақти билан бувимга банан, хилма хил ҳадялар олиб келарди. Совғалари ҳам ўзига ўхшаган девонасифат эди. Масалан, бувимга тез-тез печенье келтирар ва “Бу сизга совға”, дер эди. Орадан қанча йиллар ўтган бўлса-да, ҳаммаси кечагидек эсимда.

Маҳалламизда ғалати одамлар кўп эди. Ҳар бир маҳаллада ҳам ғалати одамлар бўлса керак, биздагилар эса ҳеч қаерда топилмайдигандек туюларди менга. Ўзи бу кетишда ғалати одамлар ва ҳодисаларнинг кўплигидан одамзодни ҳеч нарса ҳайрон қолдирмай қўйса керак. Ҳатто ўзга сайёраликлар ҳам!

Вилламизнинг шундоқ ёнида “Сариқ вилла” деб аталувчи ҳашаматли уй жойлашган эди. Бу уй ҳақидаги ҳикоя этни жунжиктириб юборади...

Давоми бор...

[1] Истанбул бўғози

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Насроний атиргули (1-қисм)