Виртуал касса тизимини қўллаш тартиби эълон қилинди

  • 25 сентябрь 2019, 12:28
  • 582
  • Жамият
  • Виртуал касса тизимини қўллаш тартиби эълон қилинди
    Вазирлар Маҳкамасининг “Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимининг қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

    Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фақат белгиланган тартибда Давлат реестрига киритилган онлайн НКМлар, виртуал касса дастурий маҳсулотларидан фойдаланишга рухсат этилади.

    Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган виртуал касса дастурий маҳсулотининг базавий қисми тадбиркорлик субъектларига бепул берилади.

    Давлат реестрига киритилмаган онлайн НКМ ва виртуал кассалар ва уларнинг дастурий маҳсулотлари (версиялари)ни қўллашга йўл қўйилмайди. Савдо шохобчасида онлайн НКМ ва (ёки) виртуал касса билан бир вақтда бошқа турдаги (иккиламчи) савдо ҳисобини юритиш тизимларидан фойдаланиш тақиқланади.

    Тадбиркорлик субъектлари аҳолига товарларни нақд пулсиз сотишда (ишларни бажаришда ва хизматлар кўрсатишда) пластик карточкаларга хизмат кўрсатадиган тўлов терминалларидан фойдаланадилар.

    Бунда, тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга онлайн НКМ ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт.

    Сотиб олинган товарлар ва кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун харидорларга бериладиган онлайн НКМ, виртуал касса чекларида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
    чекнинг тартиб рақами;
    онлайн НКМнинг завод рақами ёки виртуал кассанинг серия рақами;
    тадбиркорлик субъектининг номи;
    солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
    пулли ҳисоб-китоблар амалга ошириладиган манзил;
    товар/хизмат номи;
    маркировка қилинадиган товарлар учун маркировка коди;
    товар/хизмат миқдори;
    товар/хизматнинг қўшилган қиймат солиғи ставкаси;
    товар/хизматнинг қўшилган қиймат солиғи суммаси;
    тўлов шакли: нақд, пластик карта ёки аралаш;
    тўловнинг жами суммаси;
    тўлов санаси ва вақти;
    фискал модулнинг такрорланмас рақами;
    фискал белги;
    берилган касса чекининг ҳақиқийлигини текшириш учун камида 30х30 мм ўлчамдаги QR-код.

    Чекда қўшимча равишда бошқа реквизитлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
    Бунда, чекда товар (хизмат) номи ёки солиқ ставкаси кўрсатилмаган сумма акс эттирилишига йўл қўйилмайди.

    Онлайн НКМ ёки виртуал касса чеки махсус оқ қоғозда шрифтлар қора рангда бўлиши, шунингдек, чек қоғозининг кенглиги 55 мм.дан ва ҳарфлар (белгилар) шрифтлари баландлиги 2 мм.дан кам бўлмаслиги лозим.

    Қонунчиликка мувофиқ онлайн НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланиш мажбурий бўлгани ҳолда, улардан фойдаланмасдан товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, онлайн НКМ ёки виртуал касса орқали чек тақдим этмаслик, шунингдек онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимидан фойдаланиш тартибини бузиш – фискал хотирали назорат-касса машиналарини ёки ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда уларни ишлатмасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик деб баҳоланади ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

    Онлайн НКМ ёки виртуал касса ҳар куни иш бошланишидан олдин тадбиркорлик субъектининг масъул шахси томонидан умумий техник ҳолати, созлиги ҳамда сана ва вақт аниқ кўрсатилиши юзасидан текширилади.

    Онлайн НКМ ёки виртуал касса ёрдамида аҳоли билан ҳисоб-китоб қилувчи тадбиркорлик субъектлари харидорга ундан пул маблағлари қабул қилинганлигини тасдиқловчи чекни мажбурий тартибда бериши керак.

    Онлайн НКМ ёки виртуал кассани қўллаш жараёнида маълумотларни операторга реал вақт режимида етказиб беришнинг техник имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, шу жумладан, интернет тармоғидаги вақтинча узилишлар бўлганда, харидорларга (мижозларга) амалга оширилган харид учун чеклар оффлайн режимида берилиши мумкин. Бунда дастлабки оффлайн режимда шаклланган чекни узоғи билан 24 соат ичида операторга узатилишини таъминлаши зарур.

    Онлайн НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланиш жараёнида носозлик юзага келган ҳолларда, тадбиркорлик субъекти бу ҳақда дарҳол ТХКМни хабардор қилиши шарт. Ўз навбатида ТХКМ тадбиркорлик субъектига қарашли турғун савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаси жойлашган манзил бўйича давлат солиқ хизмати органини шу куннинг ўзида электрон шаклда хабардор қилиши шарт.

    Бунда, ТХКМ томонидан онлайн НКМ ёки виртуал кассани таъмирлаш натижалари бўйича далолатнома расмийлаштирилади.

    Онлайн НКМ ёки виртуал касса носозлиги даврида ТХКМ тадбиркорлик субъектига қарашли мазкур шохобчага захирадаги онлайн НКМ ёки виртуал кассани шартнома шартларига мувофиқ ўрнатиб бериши шарт.

    Онлайн НКМ ёки виртуал касса доимий ишчи ҳолатда бўлиши, шунингдек интернет алоқаси билан таъминлаш учун жавобгарлик шахсан тадбиркорлик субъектига юкланади.

    Онлайн НКМ ёки виртуал кассага киритилган нақд тушум суммасини қайтариш низомнинг 8-иловасига мувофиқ расмийлаштирилади.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Виртуал касса тизимини қўллаш тартиби эълон қилинди