23:02 / 28.10.2019
9 291

«Сирдарё автотеххизмат» МЧЖ собиқ ходими «UzAuto Motors»дан 900 млн. сўм маънавий зарар ундирмоқчи (видео)

«Сирдарё автотеххизмат» МЧЖ собиқ ходими «UzAuto Motors»дан 900 млн. сўм маънавий зарар ундирмоқчи (видео)
Абдумурод Ҳақбердиев
Таҳририятга келиб тушган мурожатлардан бирида айрим ташкилот ва оммавий ахборот воситаларининг айбсизлик презумпцияси қоидасига риоя этмаганликлари оқибатида муаллифнинг ҳаёти издан чиқиб кетгани баён этилади, деб хабар бермоқда Kun.uz нашри.

Мурожаат муаллифининг сўзларига кўра, бир неча йил олдин, «Сирдарё автотеххизмат» МЧЖда маркетинг ва савдо бўйича директор лавозимида ишлаб юрган вақтда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, ҳали тергов жараёнлари бошланмасидан туриб бир нечта сайт ва газеталарда унинг номига фирибгар тамғаси босилган.

«2016-2017 йилларда «Сирдарё автотеххизмат» МЧЖда маркетинг ва савдо бўйича директор лавозимида ишлаганман. Ўша вақтда менга нисбатан туҳмат асосида жиноят иши қўзғатилди. Тергов жараёни тугагандан сўнг, иш Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди томонидан иш кўриб чиқилиб, 2018 йил 6 апрелда суднинг оқлов ҳукми чиқарилди.Оқлов ҳукми Жиноят-процессуал кодекси 83-моддаси 1-қисмига асосан, яъни ҳеч қандай жиноят ҳолати мавжуд эмаслиги тўғрисида эди.

Қизиқарли томони шундаки, мен илк бор 2017 йил 11 ноябрда терговга чақирилганман. Лекин менга нисбатан бўҳтон маълумотлар 2017 йил 2 август кунидан бошлаб кўплаб ОАВда тарқалиб кетди», – деб ҳикоя қилади Абдумурод Ҳақбердиев. Абдумурод Ҳақбердиевнинг тушунтиришича, ОАВда унга нисбатан бўҳтон маълумотлар тарқалиб кетишига 2017 йил 2 августида «GM Uzbekiston» (ҳозирда «UzAuto Motors»)нинг www.gmuzbekistan.uz расмий сайтида етарли далилларга асосланилмаган ҳолда берилган хабар сабаб бўлган.

Шундан сўнг, Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 20.08.2019даги ҳал қилув қарорига асосан, «Даракчи информ сервис» МЧЖдан фуқаро Абдумурод Ҳақбердиев фойдасига 20 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундирилган.

«Суд жараёнида асосий маълумотни GM Uzbekistan тарқатган бўлиб чиқди. Шундан сўнг компаниянинг ҳудуди бўйича Миробод тумани Фуқаролик судига маънавий зарар ундириш бўйича мурожаат қилдим. Суднинг биринчи инстанциясида жавобгар вакили томонидан асосли ҳеч қандай важ келтирилмаган бўлса ҳам, негадир менинг даъвомни рад этди.

Ваҳоланки, www.gmuzbekistan.uz сайтида мен ҳақимдаги мазкур хабар бошқа бир нечта ОАВда мақола ёзилишига сабаб бўлган. Ушбу хабар менинг ноҳақдан эл орасида шарманда бўлишимга сабаб бўлди. Буни қарангки, «Даракчи информ сервис» МЧЖ менинг ор-номусим, қадр-қимматим ва ишчанлик обрў-эътиборимни ҳақоратловчи маълумотларни «GM Uzbekiston» АЖдан олиб тарқатгани учун жавобгар бўлган.

Лекин шу хабарнинг бош тарқатувчиси, сабабчиси – «GM Uzbekiston» эса айбдор эмас экан.Юқоридагиларга кўра, «GM Uzbekiston» АЖ томонидан Конституциянинг 67-моддаси ва «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддаси талаблари қўпол равишда бузилган ҳолда, менинг қадр-қимматим ва ишчанлик обрў-эътиборимни ҳақоратловчи, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг тарқатилиши оқибатида менга маънавий зарар етишига сабаб бўлган. Судда оқланганимга қарамай, ушбу мақоланинг эълон қилиниши қариндошлар ва мени билган одамлар олдида обрў-эътиборим камситилишига, халқ орасида бош кўтара олмай қолишимга сабаб бўлди.

Бу мақола нафақат менинг ўзимга, балки менинг яқинларим ҳамда фарзандларимга нисбатан ҳам «фирибгарнинг қариндоши» деган ҳақоратли муносабат юзага келишига олиб келди. Бу бўҳтон маълумотлар натижасида оилам билан сарсон бўлиб, Сирдарё вилоятидан Тошкент шаҳрига кўчиб келганимдан сўнг 11 ой давомида ҳеч қаерда ишлаш имконим бўлмади.

Чунки ҳаммага мени жиноятчи қилиб танитиб қўйишди. Онам оғир бетоб бўлди. Бу – нафақат менга етказилган маънавий зарар, балки энг яқин қариндошларим, онам ва оиламга ҳам етказилган маънавий зарар бўлди. Энди суднинг одил қарори чиқишига умид қиламан», – дейди Абдумурод Ҳақбердиев.

Ҳақбердиевнинг маълум қилишича у фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция тартибида шикоят киритган.
Даъвогар ўзи кўрган маънавий зарар миқдорини 900 млн. сўмга баҳоламоқда ва бу зарарни эса «GM Uzbekiston» АЖнинг ҳуқуқий вориси «UzAuto Motors» тўлаши лозим деб ҳисобламоқда.

Раҳматилла Исроилов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Сирдарё автотеххизмат» МЧЖ собиқ ходими «UzAuto Motors»дан 900 млн. сўм маънавий зарар ундирмоқчи (видео)