19:28 / 04.10.2019
8 473

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ким эди: даҳрийми ё диндор?

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ким эди: даҳрийми ё диндор?
Яқин ўтмишимизнинг энг ёрқин ва зиддиятли зиёлиларидан бири Ҳамзадир.
У ким эди: диндорми ё даҳрий? У паранжи ташлаш компаниясига бош қош бўлганми? У ростдан ҳам хотинбоз, маиший бузуқ бўлганми? Биз у ҳақда нимларни биламиз?

Яқинда миллатпарвар ёзувчи Набижон Боқий тарихий далиллар асосида ҳужжатли роман ёзиб тугатди.

(Бугунги ёшлар Н.Боқийнинг Ўзб.ССР КГБси архивини обдон ўрганиб, Қодирийнинг фожиавий ўлими ҳақида “Қатлнома”, Тожикистон компартияси архивини йиллаб титкилаб, “босмачи”лик ҳаракати ва турк генерали Анвар пошо ҳақида “Чингиз афандига мактублар” каби ҳужжатли қиссалар ёзганидан кўп ҳам хабардор бўлмаса керак. Мазкур асарлари хорижий давлатларда жуда машҳур ва қайта-қайта нашр этилаётир. Ажабмаски, яқин йиллар ичида ўзбек ўқувчилари ҳам адибнинг ажойиб ва нодир асарларидан баҳраманд бўлиб қолса...)

Хуллас, миллатнинг жонкуяр ёзувчиси Набижон Боқий билан Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий шахсияти ва ҳали “сиёҳи қуримаган” “Қизил тошбўрон” романи ҳақида суҳбатлашдик.

– Набижон ака! Аввало янги романингизни ёзишга ундаган омиллар ва асарнинг яратилиш жараёни ҳақида гапириб берсангиз.
– Биласизми, буни ёзиш учун ҳозирликни тахминан 25 йиллар аввал бошлагандим. Ўзбекистон давлат архивига борсангиз, Ҳамзага тегишли ҳужжатларни олганлар рўйхатида албатта менинг исми шарифимни топасиз. Ҳатто улардан нусха кўчириб, Қўқондаги музейига ҳам олиб бориб берганман. Расмий ҳужжатлардан ташқари, Ҳамза ҳақида ёзилган хотираларни ўқидим, маълумотларни ўша пайтдаги маҳаллий матбуот нашрларидаги хабарлар билан солиштирдим.

Ижтимоий тармоқда менинг саҳифамни кузатганлар ҳали Қўқон, ҳали Хива, ҳали Шоҳимардонга борганимни кўриб, бекорчиликдан айланиб юрибди, деб ўйласа керак. Мен бекорчихўжамасман. Қолаверса, хонада ўтириб ҳиссиз ва тузсиз “эъжод” қиладиган ғўр ёзувчи ҳам эмасман. Ҳамза ҳақидаги асарни икки йил давомида суткасига ўн соатлаб ўтириб ишладим. Ишонсангиз, романни етти марта қайта ёздим. Бирорта асарим устида бунчалик кўп ўтирмаганман. Буюк ўрус ёзувчиси Толстой ҳам “Уруш ва тинчлик” устида шундай ишлаган.

Шу давр ичида битта хулосага келдим: БИЗ ҲАМЗАНИ ЯХШИ БИЛМАС ЭКАНМИЗ!

– Набижон ака, бизга ҳам шу қизиқ: Ҳамза ким? У ҳақда бугунги одамларнинг, айниқса, диндор кишиларнинг билгани шу: у дин душмани, паранжи ташлаш компаниясининг яловбардори, муқаддас динимизни ҳажв қилиб шеърлар ёзган шаккок шоир, совет давлатининг мафкуравий тарғиботчиси... Яна хотинбоз бўлгани учун тошбўрон қилинган баттол шахс деб билса керак.
– Эээээ... Нималар деяпсиз?! Ҳамзахон 1911 йилда, яъни 23 ёшида исломнинг асосий арконларидан бири бўлмиш ҳаж амалини адо этиб қайтган асл мусулмон эди. Чўнтагида олтмиш сўм билан Яратганга таваккал қилиб муқаддас тупроқларни зиёрат қилиш учун отланган ҳожи эди. У бугунги айрим кишилардай гуноҳни қила-қила, бировларнинг ҳақини еб-еб, энди гуноҳимни ювиб келай деган чучмал тушунча билан борган ғофиллардан эмасди.

Ҳамза Шоҳимардонда хурофот аҳлининг думини туккани айни ҳақиқат ва унинг бу иши советлар даврида динга қарши курашчи сифатида талқин қилинган. Ифлос коммунистлар бу билан ҳам Ҳамзанинг, ҳам диндорларнинг шарафини булғайди, номига доғ туширишга эришади. Халқимиз жудаям содда, айниқса, диний тушунчаларда ўта ҳассос. Бундан ўша камномуслар унумли фойдаланган. Хотинбоз дейилганига келсак, унинг никоҳида хотини бўлган, аммо ҳозирги арбобча ва шоирчаларга ўхшаб ўйнаши бўлмаган. Динни ҳажв қилган бирор асарини кўрсатиб бера оласизми? Хурофот аҳлига қарши курашгани бор гап, аммо динга, асл диндорларга қарши эмас. У беш вақт намозини канда қилмаган, исломий рукнларга қатъий риоя этадиган покдомон киши бўлган. Араб тилини, форс тилини мукаммал билган, энг қизиғи, отасига арабча, форсча мактублар ёзган. Бу отасининг ҳам саводли киши бўлганини тасдиқлайди.

– Ҳамза Шоҳимардонга қандай бориб қолган? Аслида у ерда нималар содир бўлганди? Уни тошбўрон қилингани ростми?
– Ўтган асрнинг 17 йили чор россияда ҳукумат ағдариб, Ленин ва унинг ҳамтовоқлари иқтидорга келган бир пайтда Қўқонда мухторият тузилади, яъни мустақиллик эълон қилинади. Аммо қонхўр болшевиклар шаҳарни тўпга тутиб, халқни қонига ботириб, зиёлиларнинг умидини сўндиради. Ўша даврнинг энг машҳур шоири ким эди, биласизми? Чўлпон эмас! Фитрат ҳам, Усмон Носир ҳам эмасди. Сўфизода эди. Наманганлик шоир ўша даврнинг энг кучли ва жудаям иқтидорли ижодкори эди. Жадидларнинг отаси десак ҳам бўлади. (Унинг ижодига ҳам ҳали етарли эътибор ва баҳо берилган йўқ).

Хива хонлигининг Хўжайли шаҳри Мовароунннаҳрнинг маънавий дарвозаси эди. Жадидчилик насимлари Боғчасарой томонлар эсиб, энг аввало шу шаҳарга етади. У чоррраҳада жойлашган ажойиб шаҳар бўлган. Сўфизода ўша ерда мактаб очган эди. У Ҳамзанинг устози бўлган. Ҳамза устозининг ёнига бориб, мактабда дарс беради. У ўта камбағал, ночор аҳволда бўлган. Мактабдорлик орқасидан қўл учида кун кечирган. Кейинчалик Қўқон, Марғилон шаҳарларидаям янгича усулдаги мактаблар очиб, миллатни илмли қилиш ва шу йўл билан нажотга эришиш ҳаракатига тушади. Унинг ўқувчилари қисқа муддатларда савод чиқариб, илмда илгарилаб кетарди, яъни педогогик услуби зўр бўлган.

Ўша даврдаги ўрис амалдорларга унинг бу сайи ҳаракатлари ёқмаган. Таъқиблардан зада бўлган шоир ота юрти Аввалга келиб қолади. Аввал Фарғона шаҳрининг ғарбида, Қувасой томонида жойлашган қишлоқ. Бу ерда у халқ хизматда бўлади. Лекин унинг машҳурлиги, ҳаракатчанлиги айрим маҳаллий корчалонларга ёқмайди. Шу боис унинг устидан Йўлдош Охунбобоевга қайта-қайта шикоят қилаверадилар. Йўлдош ота Аввалга келганида Ҳамза бир гуруҳ кишилар билан кўприк қурилишида жавлон уриб турган бўлади. “Сизларга керакмасми Ҳамзахон? Унда у ўзимизга тан”, дейди-да, уни фойтунига ўтқизиб, Шоҳимардонга жўнайди.

Шоҳимардонда янги артел (колхоз) тузилган, аммо халқ ишлашни хоҳламаётган эди. Чунки ер мулкдорлардан тортиб олиниб, гўё умумхалқ мулки деб эълон қилинган эди. Халқ тузини тотиб, тузлиғига тупурадиган нонкўр эмасди, шунинг учун артелда ишлашдан бош тортади. Бу ер эгаларининг ҳақига хиёнат эканини биларди. Ҳукумат Ҳамзанинг машҳурлигидан фойдаланиб бу ердаги ишларни ўнгламоқчи бўлади.

Шоҳимардонда машҳур зиёратгоҳ бор, мақбара. Ундаги қабр ҳазрати Али жанобларига нисбат берилади. Менимча, бу рамзий қабр бўлиши керак, чунки у зоти шарифнинг араб тупроғига дафн этилганлари ҳаммамизга маълум. Шу мақбарага қўтоснинг думини осиб қўйган хурофотчилар зиёратга келган оми халқни алдаб, бойлик орттириб юрган бўлади. Қандай қилиб дейсизми? Қорни оғригангаям, песгаям, моховгаям, туғмаётган жувонгаям, тутқаноққаям шу думнинг толасини “банияти шифо” деб пуллайверади. У ерда ҳар куни қанчадан қанча қўйлар, товуқлар сўйилиб, қабр эгасидан мурод ҳосил бўлишини тилайдилар.

Шу ишлар ислом динига тўғри келадими? Ширк эмасми қабрларга сиғиниш? Бу хурофотми ё бидъатми, нима бўлсаям, севимли Пайғамбаримиз олиб келган динга алоқаси борми? У зот каъбатуллоҳдаги бут-cанамларни йўқ қилиш учун келмаганларми? Ҳа, балли!

Ҳамза диний олим эди. У саводини Намангандаги мадрасада чиқарган эди. Шунинг учун у Шоҳимардондаги найрангбозларнинг думини тугишга киришди. Ўша машъум думни олиб ташлашни буюриб, касалларга табибларга учрашни тавсия қилади. Олтиариққа бориб келса, дум ҳалиям турган бўлади. Тўртта миршабнинг тепасида ўзи туриб, уларга думни олдираётган пайти...ўз тижоратидан айрилаётганини англаган хурофотчи, салласи катта, ақли ноқис “шайх”лар оломонни уларга қарши қайрайди. Оломон ким эди, биласизми?

Ўша атрофдаги бўзахонада бўза ичиб ўтирган авбошлар эди. Бўза дегани ароқ эканини билсангиз керак? Маст-аласт безорилар миршабларни ура бошлайди. Натижа нима бўлиши Ҳамзага маълум эди. Миршабларнинг сочидан бир тола соч тўкилса, қўшимча кучлар ташланиб, ҳаммасини қириб ташлар эди. Шунинг учун у оломонни қайтаришга уринади. Бундан фойдаланган бир кимса кўзи қонга тўлган йигитларга “Асл айбдор аслида шу!” деб қора кучни унга йўналтириб юборади.

Хуллас, Болта деган йигит Ҳамзанинг қорнига шартта пичоқ тортиб ташлайди. У гурсиллаб ерга йиқилади. Қотиллар шунда ҳам тўхтамай, девордан катта бир тошни кўчириб олиб, ўлган тананинг устидан тош билан уриб ўтаверадилар, ўтаверадилар... Кейин мажақланган танани тоғдан улоқтириб юборишади. (Бу ҳақда Ўзб.Давлат архивида Ф.р. -. 1714, оп № 5, дело № 327, дело № 328 рақамлари остида "махфий" сақланаётган – "Убийство Хамзы Хакимзаде» – жилдтахламларини кўздан кечириб кўришингиз мумкин)

Энди айтингчи, исломда ароқ ичиш жоизми?! Бидъат-хурофотга қарши курашган одамни сўйиб ўлдирган қотиллар қаҳрамон саналадими?! Агар одам айбдор бўлган тақдирдаям, уни қозининг ҳукмисиз ўлдириб юбориш мумкинми?! Менимча, уни шаҳиди аъло бўлмасаям, мазлум ва ноҳақлик қурбони десак, адашмаймиз.

– Уни хотинбоз, паранжини ташлашга бош қош бўлган, дейдиганларга нима дейсиз?
– Нимаям дердим, бир мўмин-мусулмонга туҳмат қилган одамларнинг жазосини мен бермайман, Ўзи беради. Паранжини аллақачон ташлаб бўлган эди аёллар... Молотовнинг бу ҳақдаги қарори чиққан эди. Бунақа чучмал ва ёлғон хабарнинг шаклланишига ўша машҳур “Оловли йиллар” киноси сабаб бўлса керак. Ўша кинонинг сенарийсида ҳам бунақа жойи бўлмаган, аммо ўрис режиссёри “престижний бўлади” деб тасвирга олиш пайтида шунақа саҳнани тиқиштириб юборган экан. Кейин совет даврида унинг асарларини бузиб чоп этишди. Масалан, яша, Турон, деган сатрини “Яша, шўро”, деб ўзгартирган олимлар катта-катта унвонларни олиб, кайфу сафода кун кечириб ўтди. Бундайин хиёнатларда Ҳамзанинг нима айби бор?!

“Келди очилур чоғинг...” деб бошланадиган шеърини ҳам паранжига нисбат бериб тушунилади. Бу хато! Ушбу шеърни аёлларни маърифатга чорлаш учун ёзган, рўмолингни еч, кўкрагингни, сонингни очиб юр деб ёзмаган. Агар совет мафкураси шундай талқин қилган бўлсаю кимдир шунга ишонса, нимаям дердим, билганини қилсин. Аммо Қуръони каримда ҳам “...фосиқ келтирган хабарни текширинг...” деган мазмунда оят бор, тўғрими?

– Тўғри, “Ҳужурот” сураси, 6-оятда шундай амр бор. Набижон ака, айрим муштарийлар кўнглидан: “Мана шу гапларга далил борми?” деган фикр ўтса, ажабмас.

– Ўўўў зўрку?! Ана архивга борсин, текшириб кўрсин истаса... Каллангиз ишласа, дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрингчи, агар ростданам Ҳамза ёмон бўлса, уни оқлашдан менга нима наф? У менинг бобомми ё хотинимнинг тоғасими? Ё “тепа”дан кимдир менга шундай ёзгин деб буюртма берибдими? Мен кимларгадир ёқиш учун лаганбардорлик қиладиган пасткаш эмасман. Ё унвон ё уй учун тилёғламачилик қиладиганларданам қаттиқ хазар қиламан... Асарларимни халқ учун, келажак авлод учун ёзаман. Миллат асл қаҳрамонларини билсин, танисин, ўзлигини англасин, қаддини кўтарсин, деган ниятда қалам тебратаман. Толстойни гапирдик, унинг катта даромад келтирадиган ерлари бўлган, мен эса ўз меҳнатим билан кун кечириб, асарлар ёзиб юрибман.

Афсуски, минг афсуски, ҳали Ҳамзанинг, шу жумладан, Сўфизоданинг асарлари халқимизга тўла етиб боргани йўқ. Ёш олимларимиздан умидим ва рижойим шуки, бу икки миллатпарвар ижодкорларнинг чанг босиб ётган асарларини тезроқ табдил қилиб, халқимиз эътиборига ҳавола этсинлар.

Қодирийнинг тили қанчалар гўзал, а? “Ўтган кунлар”ни ўқиб яйрайсиз. Чўлпон асарларининг ифодаси ҳам ўзига хос. Аммо Ҳамзанинг асарларни ўқисангиз, бу икки адибнинг қаламидан ҳам ўткирроқ, халқчилроқ эканига амин бўласиз. Бу муболаға эмас. Интернетдан “Ҳамза монологи” номли мақоламни топиб, ўқишларингизни ҳам тавсия қиламан. Ўша мақолада ҳам кўнглимдаги анча мунча фикрларни баён қилганман.

Яна бир гап: миллатимиз ойдинларини, зиёлиларини, буюк фарзандларини ерга уриб, уларни қоралашдан нима фойда бор?! Беайб парвардигор, ҳеч ким нуқсонлардан холи эмас, албатта. Аммо қайси бир халқ ўз қаҳрамонларини яхши таниса, ҳурмат бажо келтирса, ўша миллатнинг келажаги порлоқ бўлади. Нега деганда, ёш авлод ўз миллий қаҳрамонларидан илҳом ва ибрат олиб улғаяди. Бу ҳақда ортиқча гапга ҳожат йўқ менимча. Шунинг учун мен Хиванинг сўнгги хони Исфандиёрхон ҳақида ҳам роман ёздим. Бу дилбар шахснинг мунаввар ҳаёт йўлини имкон қадар тасвирлаб бердим. Албатта, мавриди келса бу каби асарларим азиз китобхонларимиз қўлига етиб боради, деган қаноатдаман.

– Набижон ака, мазмунли суҳбат учун сизга мухлислар ва таҳририятимиз номидан ташаккур билдирамиз. Сиздай миллат фидойилари доим бор бўлсин. Хайрли ишлардан чарчаманг, илоҳим...

P.S.: Ҳ.Ҳ.Ниёзийнинг "Ҳуррият" журнали 1917 йил №1 сонида босилган Туркистон мухториятига бағишланган "Букунги қадрлик кун" мақоласидан иқтибос:

"Ҳой, аҳли ватан, букун хизмат куни экан. Ким миллатни суюр, ким динга хизмат қилмоқ истар? Ким Тангрисин ризолиғин, ким руҳи пайғамбарин шод бўлурини истар, ким маҳшарда "Ислом миллатига на хизмат қилдинг?" деган хитобга сарнигун бўлмовни, сукутда қолмовни истар экан, уламоми, бойми, гадоми, ёшми, қарими – келсун, бу хизматга отилсун. Масъулиятни ўзидан кўтарсун. Букун – тижорат куни эмас, букун – саёҳат куни эмас, букун – иш эмас, букун – ўқув ва ўқитув куни эмас, букун – мен катта, сен кичик, сен бой, мен бечора, биз уламою сиз авом дейдурган кун эмас. Букун – иттифоқ ўрнига нифоқ, садоқат ўрнига адоват қиладурган кун эмас.

Яна қичқуриб айтурмиз, ҳой, биродарлар, букун – хизмат куни, букун – иззат, ҳурмат, даража ва мартаба талаб этув куни эмасдур. Онгласи куни!

Фидокор ёшлар! 700 минг халқимиз тарафиндан 20 минг халқ шаҳодати билан ҳануз жасади вужуд оламига кўчмаган миллион-миллион авлоди исломни келажакдаги ҳуқуқини тайин этувни ўз устингизга олдингизми? Бошқалар ҳам олди. Лекин сиз қараб турманг, ҳамон ўз вазифангизни адо этмоққа киришинг, ўз манфаатидан кечувчи сиз бўлуб кўрунмакдасиз, ҳамон давом этинг, эртаги товуққа олдануб, бу кунги тухумдан ҳам ўзингизни ва ҳам мустақбил авлодингизни маҳрум қилманг. "Хизмат – ўлмас мол" каби муқаддас боболаримизнинг гавҳардек қадрли ҳикматли сўзлари ёдингизда бўлсин!

Яшасун ёшлар! "

Суҳбатдош Абдулазиз Муборак

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ким эди: даҳрийми ё диндор?