17:14 / 11.10.2019
3 602

Кўп квартирали уйларни бошқариш тартиби белгиланди

Кўп квартирали уйларни бошқариш тартиби белгиланди
11 октябрь куни ўз ишини бошлаган Сенатнинг 23-ялпи мажлисида «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди. Мазкур қонунда кўп квартирали уйларни бошқариш тартиби белгиланган.

Қонунда кўрсатилган шарҳга кўра, кўп квартирали уй – кўп квартирали уйга туташ ер участкасига ёхуд бундай уйдаги умумий фойдаланиладиган жойларга мустақил чиқиш йўлакларига эга бўлган икки ва ундан ортиқ квартиралар мажмуи ҳисобланади. Кўп квартирали уйдаги умумий жойлар, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўрама) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуна ва қурилмалар умумий мол-мулк саналади.

Сенатор Шуҳрат Чўллиевнинг қайд этишича, жорий йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистон Республикаси бўйича 34 минг 584та кўп квартирали уй мавжуд. Бу эса кўп квартирали уйлар бошқарувини юридик асосда тартибга солишни талаб этади.

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонунда белгиланган тартибга кўра, кўп квартирали уйлар бевосита жойларнинг мулкдорлари, битта ёки зич жойлашган бир нечта кўп квартирали уйда турар жойларнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорларини бирлаштирувчи уй-жой мулкдорларининг ширкати бўлган нотижорат ташкилот (ширкат), юридик шахс бўлган бошқарувчи ташкилот томонидан ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) бўлган бошқарувчи томонидан шартнома асосида амалга оширилиши мумкин», дейди сенатор.

Қонун моддаларига кўра, жойларнинг мулкдорлари кўп квартирали уй фойдаланишга қабул қилинган кундан эътиборан уч ой муддатда умумий йиғилишда уйни бошқариш усули тўғрисида қарор қабул қилиши шарт. Белгиланган муддатда жойларнинг мулкдорлари ўртасида келишувга эришилмаса, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси уч ойлик муддатда уйни бошқаришни амалга оширувчи бошқарув ташкилотини ёки бошқарувчини белгилайди.

Агарда бу муддатда ҳам жойларнинг мулкдорлари уйни бошқариш усули тўғрисидаги масалани ҳал этмаса, Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси уйни бошқариш учун бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказади.

Кўп квартирали уйни бошқариш усули умумий йиғилишнинг қарори асосида исталган вақтда ўзгартирилиши мумкин. Умумий йиғилишнинг бошқарув усулини танлаш тўғрисидаги қарори мазкур кўп квартирали уйдаги барча жойларнинг мулкдорлари учун мажбурийдир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кўп квартирали уйларни бошқариш тартиби белгиланди