Қарши туман ҳокимлиги тан олди, ўқувчиларга ҳақиқатан асфалтда дарс ўтилган

  • 14 октябрь 2019, 09:10
  • 840
  • Жамият
  • Қарши туман ҳокимлиги тан олди, ўқувчиларга ҳақиқатан асфалтда дарс ўтилган
    Фото: Facebook / «Potrebitel.uz»
    Қарши туманидаги 6-мактабда ўқувчиларнинг дарс машғулотлари асфалт устида ўтказилганлиги тўғрисида хабар берилган эди, бироқ туман халқ таълими бўлими бу хабарларни рад этаётган эди. Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси ва Қарши тумани ҳокимлиги ушбу ҳолатни ўрганиб чиқди ва дарс ҳақиқатан ҳам асфалт устида ўтказилганини тасдиқлади.

    Аниқланишича, мактабнинг 6-«Г» синфининг биринчи гуруҳига инглиз тили фанини ўқитувчи Дилафрўз Ҳасанова ўтса, иккинчи гуруҳга Мафтуна Зарипова дарс беради. Синфда ўқувчилар сони 32 нафарни ташкил этади.

    Асфалт устидаги дарс машғулоти 10 октябрь куни Дилафрўз Ҳасанова раҳбарлигида ўтказилган. Ўқитувчи ушбу ҳаракатини ўша куни ўтилган мавзу табиат билан боғлиқлиги ва ўқувчиларга табиатни жонли тарзда кўрсатишни мақсад қилгани билан изоҳлаган.

    Мавзу табиат манзараларига оид бўлганлиги боис, ўқитувчи дарс машғулоти тугашига 10 дақиқа қолганида ўқувчиларни мактаб ҳовлисига олиб чиққан ва мавзуга доир маълумотларни ўқувчиларга шу ерда тушунтиришга ҳаракат қилган.

    Инглиз тили фани метод бирлашма раҳбари Д.Эркаева эса дарс машғулотини ўқитувчи Нодира Қўзибоеванинг телефони орқали видеога олган. Д.Эркаеванинг айтишича, у шунчаки тасвирга олган ва видеолавҳа бундай тарқалиб кетишини билмаганлигидан афсусланмоқда.

    Бундай ҳолатнинг ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганлигидан ўқитувчи Дилафрўз Ҳасанова ҳам афсусда эканлигини билдирган.

    Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бекзод Маматқуловнинг айтишича, мактаб қуввати 1060 ўринли бўлиб, айни пайтда мазкур таълим даргоҳида 1884 нафар ўқувчи таҳсил олади. Унда 141 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатади. Мактаб учун 2018 йил 420 ўринли қўшимча бино қурилиб барча жиҳозлар, парта ва стуллар билан таъминланган. Мактабда синф сони 60 та. Дарслар 2 навбатда ўқитилади.

    Қарши туман ҳокимлиги ахборот хизматининг қўшимча қилишича, мактабда ўқувчиларга жой етишмаслиги муаммоси йўқ. Мазкур ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ томонидан мактаб жамоаси ва масъулларга тушунтириш берилган ва таълим-тарбия жараёнига янада эътиборли бўлишлари таъкидланган.

    Аввалроқ Зарафшондаги 2-мактабда 4-синф ўқувчилари, Фарғонада эса 24-мактабда 1-синф ўқувчилари полда ўтиргани, Шўрчида эса Сурхондарё вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни ўқитишга ихтисослашган мактаб-интернатида ўқувчилар полда ётгани акс этган фотосуратлар тарқалган эди.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Қарши туман ҳокимлиги тан олди, ўқувчиларга ҳақиқатан асфалтда дарс ўтилган