21:54 / 14.10.2019
3 086

АОКА раҳбарияти БААда қироллик оиласи аъзоси билан учрашди (фото)

АОКА раҳбарияти БААда қироллик оиласи аъзоси билан учрашди (фото)
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарлари Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева айни пайтда Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб турибди.

Делегация бугун, 14 октябрь куни БАА бош вазири ўринбосари, Ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зойд Ол Наҳаён билан учрашган. Бу ҳақда агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёева маълум қилди.

«Суҳбат чоғида Шайх Сайф Ол Наҳаён Амирликлар Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига нисбатан чуқур ҳурматда экани ҳамда барча соҳаларда мамлакатимиз билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёрлигини билдирди», – дея қайд этди Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

Маълумот учун, Шайх Сайф бин Зойд Ол Наҳаён – БААнинг илк президентининг ўғли. У 2004 йилдан буён ички ишлар вазири лавозимида ишлаб келади.

АОКА раҳбарияти вакиллари душанба куни, шунингдек, БАА Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича ва келажак вазирлиги ҳузуридаги Маҳкама Бош котибияти вакиллари билан ҳам учрашган.

«Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби Абдулла бен Тоук ахборот соҳасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди. Хусусан, мамлакатнинг халқаро имижини яхшилаш бўйича БААда йўлга қўйилган ишлар, амалга оширилаётган лойиҳалар бизда илиқ таассурот қолдирди», – деб ёзади Саида Мирзиёева.

«Ўйлайманки, халқаро медиа майдонида ўз нуфузига эга Амирликлар тажрибаси мутахассисларимиз учун фойдали бўлади», – деб қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йил март ойида БААга бир неча кунлик давлат ташрифи билан борган, унда 10 млрд доллардан зиёд қийматдаги инвестиция келишувлари имзоланган эди. Ташриф доирасида давлат раҳбари БАА ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зойд Ол Наҳаён билан ҳам учрашганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » АОКА раҳбарияти БААда қироллик оиласи аъзоси билан учрашди (фото)