ИИВ Матбуот котиби: Пардага тақиқ - мантиқсиз қарор

  • 20 октябрь 2019, 08:14
  • 1 698
  • Жамият
  • ИИВ Матбуот котиби: Пардага тақиқ - мантиқсиз қарор
    Келинг, гап исботи билан бўлсин, биргина мисолни айтай.

    Матбуот анжуманида прописка билан бир қаторда, парда масаласида ҳам савол бердим. Мана шундай майда масалалар ички ишлар органларининг мисқоллаб йиғаётган обрўсига жиддий путур етказаётганини таъкидлаб, балки қонунлар ва суд қарорларига асоссиз қарши бормасдан, халққа енгиллик бериш пайти келгандир, дея сўрадим.

    Бунга жавобан дастлаб ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Акмал Юнусов жавоб берди. Уларнинг фикрича (аслида бу раҳбариятининг фикри, матбуот хизмати бошлиғи шу позицияни таъкидлашга мажбур), судлар қонунни нотўғри талқин қилаётган эмиш, гарчи бир нечта судда ютқазса ҳам ЙҲХББнинг позицияси ўша-ўша экан, кассацияда ҳам ютқазган бўлсада, уларнинг Олий судга шикоят қилиш ҳуқуқи бор экан. Яна айтилдики, яқинда интернетга жойланган қонун лойиҳасига фуқаролар томонидан жуда кўп салбий эътирозлар билдирилганини ҳам билишар экан, шунингдек айрим давлат ташкилотларидан ҳам салбий хулоса берилибди.

    Хуллас, “навбатчи” гаплар.

    Шундан кейин ИИВ Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Шохрух Ғиясов бу масалага ўз фикрларини билдирди:
    “Биз фуқароларни ноқулай ҳолатга қўядиган позицияда туриб, ҳеч ҳам обрў орттира олмаймиз. Бунақа савол берилиши кутилган эди. Шунинг учун айрим мутасадди раҳбарлар билан ҳам бу масалада гаплашган эдим.

    Бир нарсани ҳамма тушунишини, билишини хоҳлайман. Яъни нима мумкин, нима мумкин эмаслигини мантиқан аниқлаб олиш тўғри бўлади. Масалан, машинага тонировка қилиш мумкин, лекин парда қилиш мумкинмас. Ҳатто айримлар савол бермоқда, орқага костюмни илиб қўйса нима бўлади, деб. Биз буни жуда яхши тушунамиз, бу (орқа эшикка парда ўрнатиш) умуман мантиққа тўғри келмайдиган талаб. Буни биз тушуниб турибмиз. Бу шунчаки лойиҳа.

    Мен энди шуғулланишни бошладим бу билан. Керак бўлса, раҳбариятга таклиф киритамиз. Ким, нима учун, қайси даражада бу тақиқнинг тарафдори бўлганини ҳам билиб, жойига қўямиз. Бизнинг мақсадимиз одамларга максимал даражада шароит яратиб бериш.

    Буларни ҳам (ИИВ ЙҲХББ Матбуот хизмати) тўғри тушунса бўлади, уларда тартиб шунақа, агарда Сизга бошқача жавоб берса ўзлари ноқулайга аҳволга тушади.

    Лекин ҳар қандай ҳолатда биз фуқароларга қулай бўлишини ўйлашимиз керак. Агарда биз шу позицияда тураверсак, шарманда бўлаверсак, бирорта натижага эриша олмаймиз.

    Хулоса қилиб, шунақа десак бўлади. Яқинда бу нарса (лойиҳа) олиб ташланади, раҳмат, жуда кўпчиликнинг фикрлари ўрганиб чиқилади ва бу бўйича хулоса қабул қилинади. Кейинчалик бизнинг позициямиз шунақа бўладики, максимал даражада фуқароларга қулайлик яратамиз. Чунки ҳақиқатдан мантиқсиз айрим нарсаларни кўриб, баъзан одамнинг жаҳли чиқади. Қандай, ким буни йўлга қўйган?

    Шу масалада саволингизга жавоб топдик, деб ўйласак бўладими?
    - Раҳмат, раҳмат.
    Хуллас, шунақа гаплар бўлди. Қолганини қуйидаги аудио орқали ўзингиз эшитиб кўришингиз мумкин.

    Яхши янгиликлардан умидвормиз. Халқни ўйлайдиган, фуқароларга мураккаблик туғдиришни эмас, балки оғирини енгил қилишга ҳаракат қиладиган мутасаддилар кўпаяверсин, деб дуодамиз.
    Хушнудбек Худойбердиев, блогер-ҳуқуқшунос

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » ИИВ Матбуот котиби: Пардага тақиқ - мантиқсиз қарор