Президент тиббиёт ходимларини байрам билан табриклади

  • 09 ноябрь 2019, 15:53
  • 658
  • Жамият
  • Президент тиббиёт ходимларини байрам билан табриклади
    Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати
    Тошкентдаги муҳташам «Туркистон» санъат саройида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

    Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, шифокор ва ҳамширалар, маданият ва санъат намоёндалари иштирок этган маросимда давлат раҳбарининг Тиббиёт ходимларига табриги ўқиб эшиттирилди.

    «Юксак эҳтиром ва кўтаринки руҳ билан кутиб олинган табрикдан сўнг Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан давлатимиз раҳбарининг махсус Фармонига кўра бир гуруҳ соҳа вакилларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева томонидан давлат мукофотлари топширилди.


    Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов соҳа ходимларини Тиббиёт ходимлари куни билан табриклади.

    Эътиборли жиҳати, бу йилги тиббиёт ходимлари куни ўзгача бир шукуҳда, кенг миқёсда нишонланди. Биринчи марта президентимиз тиббиёт ходимларини самимий қутлади ва биринчи марта бир гуруҳ соҳа фидойилари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Ушбу эътирофлар сўнгги уч йил давомида тиббиётга, шифокорларга қаратилаётган улкан эътиборнинг энг юксак чўққиси бўлди десак, муболаға қилмаган бўламиз.

    Тантанали тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда барча соҳалари каби соғлиқни сақлаш тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги уч йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш бўйича 170дан зиёд ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Президентимиз фармони билан 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланиб,соҳа тараққиётида янги даврни бошлаб берди.

    Бугунги кунда тиббиёт тизимидаги янгиланишлар ғоятда жадаллашган. Хусусан, соҳани молиялаштириш ҳажми бир неча баробарга оширилди. Масалан, 2017 йилда соҳага 7,1 триллион сўм йўналтирилган бўлса, 2019 йилда соҳага 12,1 триллион сўм йўналтирилди.

    Сўнгги уч йилда 1300дан ортиқ даволаш муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган. Жорий йилда инвестиция дастури доирасида 237та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал амалга оширилмоқда.

    Сўнгги уч йилда қўшимча аллергология, онкология, нефрология ва буйрак трансплантацияси, неврология ва инсульт, травматалогия ва ортопедия ҳамда нейрохирургия каби қатор йўналишларда илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолияти ташкил этилиши ҳисобига аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт марказлар сони 16тага етди. Уларда энг замонавий даволаш усуллари, жумладан, дунё тиббиётида ҳам ноёб бўлган мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилмоқда.

    Охирги йилларда ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни перинатал ҳамда неонатал скринингдан ўтказиш орқали уларда туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш тизими йўлга қўйилгани, ҳатто энг кам вазнли гўдакларни ҳам парвариш ва реабилитация қилиш муваффақиятли амалга оширилаётгани ҳам таҳсинга лойиқ. Бундан ташқари, тиббиёт илм-фани, тиббий-илмий марказларнинг хориждаги нуфузли илм-фан муассасалари билан алоқалари ҳам жадал ривожланмоқда.

    Тадбирда мукофотланганлар соғлиқни сақлаш соҳасини изчил ривожлантириш, шифокорлар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик учун президентимизга ўз миннатдорликларини билдирдилар.

    Беморни нафақат дори-дармон, балки ширин сўз, қайноқ меҳр билан дарддан фориғ этишга, малҳам бўлишга шошилган шифокорларимиз учун мана шундай эъзоз-у эҳтиромлар ярашади. Улуғларимиз «Тиббиёт барча санъатлар ичида энг улуғидир» дея, Алишер Навоий ҳазратлари эса «Ширин сўзли моҳир табиб тан хасталигига шифодур» дея бежизга лутф этмаган. Ана шундай шарафли ва масъулиятли касб фидойиларини такрор-такрор шарафлашдан, эътироф этишдан чарчамаймиз. Ҳамиша халқимиз ардоғида бўлинг, азиз, тиббиёт ходимлари!», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

    Байрам санъат усталари концерти билан якунланди.


    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситханова иштирок этди.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Президент тиббиёт ходимларини байрам билан табриклади