14:45 / 10.11.2019
5 148

ИИВ Самарқанддаги оммавий муштлашув сабабига аниқлик киритди

ИИВ Самарқанддаги оммавий муштлашув сабабига аниқлик киритди
Фото: ИИВ ахборот хизмати
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати шу йилнинг 6 ноябрида Самарқанд шаҳридаги қурилиш майдонида маҳаллий ва туркиялик қурувчилар ўртасида рўй берган оммавий муштлашув бўйича муносабат билдириб, янги тафсилотларни эълон қилди.

«Фуқаролардан, мазкур ҳолатнинг барча тафсилотлари аниқланиб, тергов якунига кўра тўлиқ ахборот берилишига қадар, ижтимоий тармоқларда айланаётган видео тасвирларга номақбул изоҳлар беришларидан ўзларини тийишлари сўралган эди.

Афсуски айрим ижтимоий тармоқларда, бўлиб ўтган воқеани бўрттириб кўрсатиш, Ўзбекистон фуқароларини миллатчиликда айблаш ҳамда ўзбек-турк муносабатларига совуқчилик тушириш мақсадида, бўлиб ўтган ҳодисага гўёки «Турк ишчилари ошхонада ишлайдиган маҳаллий аёлни зўрлаганлиги оқибатида» ёки «Жанжал маҳаллий ишчиларнинг ўзлари ва туркларга айни иш учун берилаётган ойлигидаги катта фарқидан келиб чиққан» деган важларни келтириш ҳолатлари кузатилди.

Воқеадан бехабар айрим фуқаролар ушбу важларга берилиб, салбий изоҳларни тарқалишига сабабчи бўлмоқда.

Маълум қиламизки, 2019 йилнинг 6 ноябрь куни Самарқанд шаҳар, Қорасув массиви Обод Маскан маҳалласи ҳудудида «Agromir Bilding» МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қавватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган, Туркия ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасидаги келишмовчилик оқибатида, ўзаро тан жароҳатлари етказилган.

Суриштирув жараёнида, мазкур жанжал 1996 йилда туғилган, Пайариқ тумани «Тохиршайх» маҳалласида яшовчи, якка тартибда мавсумий меҳнат билан шуғулланувчи ўзбек фуқароси С.П. «Agromir Bilding» МЧЖ томонидан ёлланган қурувчи-монтажчи бир неча турк фуқаролари билан оловда исиниш баҳонасидан келиб чиққанлиги, шундан сўнг у авжига чиқиб, юзага келган жанжалга қурилишга ёлланган бошқа Ўзбекистон фуқаролари аралашиб бир-бирларига тан жароҳатлари етказишгани аниқланди.

Маълум қиламизки, қурилиш ишларига 1 800 нафардан ортиқ Ўзбекистон ҳамда 200дан ошиқ Туркия давлати фуқаролари жалб этилган.

Ушбу ҳолат натижасида Туркия давлати фуқароларидан тўрт нафари ва маҳаллий фуқаролардан бир нафари енгил тан жароҳати олган.

Суриштирув жараёнида шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Туркия фуқароларидан 4 нафари жабрланувчи, 11 нафари жанжалда иштирок этган фаол гувоҳ тариқасида ушбу жиноят ишига жалб этилган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг 7 нафар фуқароси жабрланганлиги, жиноят ишидаги иштирокчилик ва айблилик даражасига тергов ҳаракатлари давомида тўлиқ аниқлик киритилади.

Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти мутасадди ходимлари томонидан ишчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилган», дейилади хабарда.

Фото: ИИВ ахборот хизмати
6 ноябрь куни Самарқанд шаҳар Қорасув массиви Обод Маскан маҳалласи ҳудудида «Agromir Bilding» корхонаси томонидан қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган ишчилар ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжал келиб чиққан эди.

Дастлабки хабарларда туркиялик қурувчилар томонидан қурилаётган уйларда ишлаётган маҳаллий қурувчилардан 5 нафари ис газидан заҳарланиб оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ушбу жанжалга сабаб бўлгани айтилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ИИВ Самарқанддаги оммавий муштлашув сабабига аниқлик киритди