21:20 / 15.11.2019
2 718

Аслиддин Одилов: «5та фандан имтиҳон қилиш билан аччиқ ҳақиқатни тан оляпмиз»

Аслиддин Одилов: «5та фандан имтиҳон қилиш билан аччиқ ҳақиқатни тан оляпмиз»
2020 йилдан бошлаб, ОТМга киришда абитуриентлар топширадиган имтиҳон фанлари 3тадан 5тага кўпаймоқда.

Бундай янги тартибнинг жорий этилгани амалда мактаб таълимининг сифатсизлиги тан олинганини англатади, деб ҳисоблайди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Бош бошқарма бошлиғи Аслиддин Одилов.

Одилов Kun.uz мухбири билан суҳбатда янги механизм ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Синов фанларининг 5та бўлиши мазкур фанларни ўзлаштириш, ўқиш ва ўқитиш ишига ижобий муносабатни шакллантиради. Бошқа томондан эса, бу аччиқ бир ҳақиқатни очиқ-ойдин тан олишимизни кўрсатяпти. Яъни мактабда сифатсиз билим берилган, аттестатларга баҳолар сунъий равишда ошириб қуйилган ва унга ишончсизлик муносабати сифатида кириш имтиҳонларида мажбурий тарзда она тили, тарих ва математикадан билимни синаяпмиз.

Кириш имтиҳонидан билимсиз одамни билимини ошириш йўли сифатида фойдаланиш – бу катта хато.

Муаммони бартараф этиш учун унинг илдизини топиб йўқ қилиш зарур. Демак, ислоҳотлар айнан мактабларда таълим бериш сифатини ошириш, билимни объектив баҳолаш тизимини жорий этишга қаратилиши лозим. Мактабни битириб, аттестат олаётган барча ўқувчи ёшлар она тили, тарих, математика ва бошқа фанлардан базавий билимга эга бўлиб чиқишларини таъминлашимиз керак», – дейди Аслиддин Одилов.

Таълим соҳаси расмийсига кўра, сўнгги уч йилда кириш имтиҳонларини такомиллаштириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар асосан 3та глобал муаммони ечишга қаратилган:
- тестни ўтказишдаги адолатсизликлар ва коррупция ҳолатлари;
- ёшларни олий таълимда танловга эга эмаслиги;
- тест тизимининг «қора қутилиги».

«Юқоридаги муаммоларни ечиш бўйича кўп ишлар қилинди: бакалавриат босқичига кириш имтиҳонлари адолатли ўтказилишига эришдик, ёшлар учун танлов имкониятларини яратдик, ДТМни халқ олдидаги ҳисобдорлигини оширдик.

Лекин энг ачинарлиси, тест тизимининг асосан ёдлашга асослангани, тестология қоидаларига амал қилинмаслиги, мантиқий фикрлаш ва олган билимларни амалиётда қўллай олиш, таълимнинг кейинги босқичини давом эттириш кўникмаларига баҳо берилмаслигини бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатларга тўлиқ гувоҳ бўлмаяпмиз.

Натижада, табақалаштирилган таълим тизими ҳосил бўлди, мактаб ва олий таълим дастурлари ўртасидаги узвийлик ва узлуксизлик йўқолди: мактаб берадиган билим олий ўқув юртига кириш учун етарли эмаслиги, мактаб имтиҳонлари учун алоҳида тайёрланиш, институт учун алоҳида репетиторга бориш, институтга кирган тақдирда ҳам олий таълим дастурларини ўзлаштира олмаслик ҳолатлари кузатиляпти.

Шунинг учун асосий мақсад – барча ёшлар учун бир хил даражадаги таълим олиш имкониятлари ва шароитларини яратиш, таълим турлари ўртасида узлуксизлик ва узвийлик таъминланиши лозим», – дейди у.

Аслиддин Одиловнинг айтишича, жорий этилиши режалаштирилаётган янги тизим қуйидаги мақсадларга йўналтирилган бўлиши лозим:
- Мактаб учун – якуний давлат аттестациялари билан уйғунлаштириш ва аттестатга ДТМ имтиҳонларининг натижалари бўйича баҳо қуйилиши;
- ОТМ учун – кириш имтиҳони сифатида қабул қилиниши;
- Таълим сифати назорати – таълим сифатини объектив баҳоланиши.

«Умумтаълим мактабларининг якуний аттестация натижаларига кўра, 3та фандан марказлашган ҳолда синовларни олишни ташкил этиш йўлга қўйилса, мактабларнинг ўз ишига масъулияти ошади, олинган натижаларга кўра мактабларнинг билим самарадорлигини аниқлашга ва республика бўйича қўшимча синовлар ўтказмасдан мактаблар рейтингини белгилашга имконият яратилган бўлар эди», – деб қайд этди Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси Бош бошқарма бошлиғи.
Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аслиддин Одилов: «5та фандан имтиҳон қилиш билан аччиқ ҳақиқатни тан оляпмиз»