15:35 / 01.12.2019
2 680

ОТМда форма эркин бўлиши керакми? Партиялар позициясини маълум қилди

ОТМда форма эркин бўлиши керакми? Партиялар позициясини маълум қилди
28 ноябрь куни Тошкентдаги «Зарафшон» «Media Hall»ида сиёсий партиялар вакиллари иштирокида «Олий таълим тизими: Мавжуд муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари» мавзусида «Демократик дебат» ток-шоусининг навбатдаги сони суратга олинди.

Унда журналистлар томонидан дебат мавзусидан келиб чиққан ҳолда, Республикадаги аксарият ОТМларида форма масаласи ўқиш сифатидан кўра муҳимроқ масала бўлиб қолаётгани ҳамда бу борада партия вакилларининг фикри қандай эканлиги борасида савол берилди.

Бу масалада биринчи бўлиб «Адолат» СДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Фарход Ишанкулов сўз олди.
«Биз Халқ таълими тизимида барча ўқувчилар учун бир хил мактаб формаси ташкил қилиш тарафдоримиз. Нима учун? Сабаби, мактаб ўқувчиси – у ҳали мурғак. Биз ҳар хил форма билан ўқувчиларнинг қалбида бир-бирига нисбатан адоват руҳи уйғонишига йўл қўймаслигимиз керак.

Олий таълим тизимида эса форма масаласи ихтиёрий бўлиши керак. Чунки олий таълим муассасалари ёшларига бир хил форма кийдиришдан ҳеч қандай мантиқ йўқ.

Биз талабанинг кийимига эмас, олган баҳосига қараб баҳо берамиз.
Яқинда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида шу тартиб жорий қилинди. Университетдаги бу ислоҳотни биз тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», дейди у.

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши бўлими бошлиғи Боймурод Юсупов Олий таълим муассасалари ёшлари миллий қадрият ва анъаналардан келиб чиқиб кийиниши кераклиги ҳақида гапирди.

«Биз миллий анъаналаримиз, қадриятларимиз, тарихимиз ва маънавиятимизни эсдан чиқаришимиз керак эмас. Қайтараман, биз улардан форма талаб қилаётганимизда шу жиҳатларни эсдан чиқаришимиз керак эмас.

Талаба университетга хоҳлаган кийимида келиши мумкин эмас. Олий таълим муассасаси бу – энг илоҳий, энг муқаддас даргоҳ. Шунинг учун таълим муассасаларида кийинишни эркин қўйиш билан бирга, бунга маълум тартиб асосида ёндашиш керак», деди у.

Миллий тикланиш партияси вакили, педагогика фанлари доктори, профессор Нодира Эгамбердиеванинг фикрича, партия таълим муассасаларида форма мажбурийлигини ёқламайди.

«Талаба бўлиш ёшига етган ҳар бир ёш бу масалага эркин, ақлан ва оқилона ёндашиши керак. Университетлар бу – таълим даргоҳи, талаба ҳам шунга хос ва мос кийимда бўлиши керак», дея фикр билдирди Нодира Эгамбердиева.

Савол юзасидан ЎзЛиДеП вакили, иқтисод фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев ҳам ўз фикрларини билдирди.
«Қандай кийим кийиш масаласи эркин бўлиши керак. Таълимда маъно муҳим. Бизда таълимнинг ривожланиб кетолмаётганига ҳам сабаб шу, яъни, кийимга ва кўринишга қараяпмиз. Одам кастюм-шим кийиб, бўйинбоғ таққани билан ақлли бўлиб қолмайди.

Аслида, биз одамнинг ўз билимини ошириши, мустақил таълимга эътибор қаратишимиз керак.

Кийим ҳар томонлама инсонни ўзига қулай бўлиши керак. Мен ўзим Америка Қўшма Штатларида ўқиганман. У ерда кутубхонага кирардик ва керак бўлса, университет ҳовлисида ётиб ўқирдик. Бизда-чи, ҳамма бир хил формада бўлиши керак.
Мен либерал ғояни илгари сураётган Иқтисодиёт университети ректорини тўлиқ қўллаб-қувватлайман», деди у.

Савол юзасидан сўнгги бўлиб фикр билдирган Экологик партия Марказий кенгаши ижро қўмитаси раиси ўринбосари Саидрасул Сангиновга кўра, масала синчиковлик билан, анализлардан келиб чиқиб ҳал қилиниши керак.

«Ихтисослашган таълим муассасаларида форма бўлиши бу зарурий масала.
Ихтисослашмаган таълим муассасаларида эса бу масалада ўзининг ва жаҳоннинг тажрибасидан келиб чиқиши керак», дейди Саидрасул Сангинов.

Эслатиб ўтамиз, сиёсий партиялар ўртасидаги дебатлар Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассоциацияси томонидан ташкил қилинмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ОТМда форма эркин бўлиши керакми? Партиялар позициясини маълум қилди