Тошкент – Москва йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилади

  • 14 декабрь 2019, 16:13
  • 721
  • Жамият
  • Тошкент – Москва йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилади
    Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги айни дамда Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва янги йил байрамини Ўзбекистонда кутиб олишни ният қилган ҳамюртлармиз ва чет эл фуқароларига байрам тухфаси сифатида жорий йилнинг 19 декабридан эътиборан «Тошкент – Москва – Тошкент» йўналишида мунтазам автобус қатновини йўлга қўймоқда.

    Мазкур йўналишдаги қатновлар «Uzautotrans Service» корхонаси томонидан замонавий Yutong автобусларида амалга оширилади. Қатновлар «Тошкент» автовокзали ва Москванинг «Новоясеневская» автостанциясидан амалга оширилади.

    Жорий йилнинг 19 декабрь куни соат 12:00 да илк автобус Россия Федерация пойтахти Москва шаҳри томон «Тошкент» автовокзалидан йўлга чиқади. Мазкур йўналиш бўйича чипта нархи 900 000 сўм этиб белгиланган.

    Ушбу қатнов бўйича қўшимча маълумотларни «Тошкент» автовокзалининг (71) 207-87-00 ҳамда (97) 758 14 24, (99) 808 47 42, (99) 808 47 17 телефон рақамлари орқали олиш мумкин.

    Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Россия Федерациясининг Нижний Новгород ва Қозон шаҳарларига ҳам мунтазам автобус қатновлари амалга ошириб келинмоқда.

    Xabar.uz'га маълум қилинишича, Москвага етиб борилгунга қадар 3556 километр масофани уч кунда босиб ўтиш режалаштирилган. 19 декабрда йўлга чиққан йўловчи автобус 22 декабр тонгида Москвага кириб боради.

    Автобусни уч ҳайдовчи алмашиб бошқариб боради. Йўл давомида хавфсизлик масалалари кўриб чиқилган. Автобус фақат овқатланиш учун олдиндан белгилаб олинган жойларда тўхтайди.

    » » Тошкент – Москва йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилади