1 кило "петрушка" 9,5 доллар ёхуд Ўзбекистон Украина ва Россияга кўкат етказиб бериш бўйича яққол пешқадамга айланди

  • 18 декабрь 2019, 21:23
  • 1 038
  • Жамият
  • 1 кило "петрушка" 9,5 доллар ёхуд Ўзбекистон Украина ва Россияга кўкат етказиб бериш бўйича яққол пешқадамга айланди
    EastFruit портали таҳлилчиларининг қайд этишларича, Ўзбекистон Украина ва Россияга сархил кўкатлар — шивит(укроп), петрушка ва кинза экспорт қилиш ҳажмларини кескин оширган.

    2019 йилнинг биринчи уч чорагида Украина Ўзбекистондан 1,2 млн. доллар қийматда кўкат экспорт қилган. Бу тарихий рекорд бўлиб, ўтган йилдаги кўрсаткичдан 2,6 баробар кўпдир.

    2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон Украина бозорига 1,6 минг тонна сархил кўкат етказиб берган. Бу эса Украинага шу турдаги маҳсулотларни етказиб берувчилар рейтингида Ўзбекистонни Италия, Эрон ва Грузияни ортда қолдирган ҳолда пешқадамга айлантирди. Украинага кўкат етказиб беришда Ўзбекистоннинг ҳиссаси 41 фоизга етди, ваҳолонки икки йил олдин бу кўрсаткич 9 фоиздан ҳам кам эди.

    Умуман олганда, Украина кўрсатилган даврда кўкат импортини 40 фоиз ошириб, 3,9 минг тоннага етказди. Шу муддат ичида мазкур давлатга Эрон 1,25 минг тонна, Грузия 0,46 минг тонна ва Италия 0,33 минг тонна кўкат экспорт қилган.

    Эътиборлиси, Ўзбекистон бундай сабзавотларни Украинага асосан автотранспорт воситаларида жўнатган бўлса, Россияга самолётлар орқали юборган. Солиштириб кўрганда, Россия Украинага нисбатан деярли ўн баробар кўп, яъни 33,5 минг тонна кўкат импорт қилган бўлса, шундан 13,5 минг тоннаси Ўзбекистонга тегишлидир.

    Табиийки, Ўзбекистон учун кўкатни Россия бозорига экспорт қилиш фойдалироқ, сабаби у ерда нарх қимматроқ. Боз устига, ҳажм ҳам Украина бозорига нисбатан кўп.

    EastFruit портали чакана савдо бўйича мониторинги маълумотларига кўра, 2019 йил ноябрь ҳолатида Москвадаги супермаркетларда бир кг. петрушка нархи 9,5 доллар, Киевда эса 5,2 долларни ташкил этган. Тошкентда эса бунинг учун бир ярим доллардан ҳам кам тўлашади.

    Мазкур йўналишдаги бизнес ривожланиши суръатларини инобатга олганда, у Ўзбекистон шароитида жуда жозибали ҳисобланади ва келгусида ўзбекистонлик етказиб берувчилар бошқа хориж давлатлари бозорларини ҳам эгаллашларини кутиш мумкин.

    Зеро, 2019 йилда Ўзбекистон Россияга сархил кўкат етказиб бериш бўйича барча рақибларни ортда қолдириб, етакчига айланди. 2019 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича, Россия Ўзбекистондан ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 19 фоиз кўп кўкат олиб кирган.

    Шу пайтгача Россия бозорига бу турдаги маҳсулотни етказиб беришда Эрон пешқадам эди. Бироқ жорий йилда форсларнинг экспорти 14 фоиз камайиб кетган бўлса, Ўзбекистоннинг Россияга кўкат етказиб беришдаги солиштирма оғирлиги Украинадаги каби 40 фоизни ташкил қилди.

    Қизиқарли томони, Ўзбекистон Беларусь бозорида бу борада бешинчи ўринни эгаллади. Мазкур мамлакатда Ливан биринчи, Италия иккинчи, Парагвай учинчи ва Польша тўртинчи бўлди.

    » » 1 кило "петрушка" 9,5 доллар ёхуд Ўзбекистон Украина ва Россияга кўкат етказиб бериш бўйича яққол пешқадамга айланди