22:30 / 20.12.2019
2 707

ОАВлар бўғиб ёки ёпиб қўйилса, нима бўлади? Комил Алламжонов жавоб берди

ОАВлар бўғиб ёки ёпиб қўйилса, нима бўлади? Комил Алламжонов жавоб берди
19 декабрь куни пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остидаги мунозараларнинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. “Ўзбекистонда кенг кўламли ўзгаришлар шароитида фуқаролик жамиятини ривожлантириш” мавзусига бағишланган ушбу тадбирда жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари ва амалга ошириш механизмлари, ОАВ соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни аниқлаш ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг роли, сўз ва матбуот эркинлиги, соҳадаги муаммолар ва ривожланиш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.

Тадбирда иштирок этган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов бугунги ислоҳотлар, ўзгаришлар ва сиёсий жараёнлар шароитида журналистлар, блогерларнинг ўрни, сўз эркинлигини таъминлаш йўлидаги муаммолар юзасидан берилган саволларга жавоб берар экан, жумладан шундай деди:

— Ўзбекистонда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари, блогерлар бўлмаса ёки қаттиқ назоратда ушлаб турилса, цензура қилинса, умуман, улар ёпиб қўйилса ёки бўғилса бундан ким ютади? Бугунги интернет, техника асрида жамиятни бошқа ахборот эгаллайди, миш-миш кўпаяди. Бизга дўст бўлмаган, дарёнинг нариги қирғоғидаги, атайин бузғунчилик ахборот кампанияларини олиб бораётган ОАВлар: “Рақобатчиларимизни йўқотиб, йўлимизни очиб бергани учун Ўзбекистон ҳукуматига раҳмат”, дейди.

К.Алламжонов, шунингдек, аввалроқ Ўзбекистонда баъзи ижтимоий тармоқларга киришга тўсиқ қўйилгани ва бунинг оқибати нималарга олиб келганига ҳам тўхталиб ўтди:

— Ўйлаб кўрингчи, ахборот майдонида битта одамнинг овози баланд эшитиладими ёки шовқин бўлсами? Айтмоқчиманки, бугун орқага йўл бор-йўқлигини биз белгиламаймиз. Бу бугунги давр талаби! Ортга йўл истасак ҳам йўқ. Унинг учун интернетни ўчириб қўйишимиз керак. Фақат шундагина уларни тўхтатиш мумкин. Лекин бундай қилиб ҳам кўрилди. Фейсбук, Ютуб тармоқларига киришда муаммолар бўлди-ку... Оқибати нима бўлди? Одамлар бу тармоқларга кирмай қўйдими? Қайтанга ВПНдан фойдалана бошлашди ва тақиқланган “зона”ларга сакраб ўта бошлади. Шунинг учун яна бир марта таъкидлаган бўлардимки, бугун давлат идоралари, ташкилотлар раҳбарлари бир нарсани тушунсинки – орқага йўл йўқ! Танлаган йўлимиз шу. Энди шу йўлда тўғри ишлашни, маданиятни ўрганишимиз, энг асосийси, Қонунлар ишлаши керак.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ОАВлар бўғиб ёки ёпиб қўйилса, нима бўлади? Комил Алламжонов жавоб берди