Эрон ва Хитой олмалари кўпаймоқда, ўзимизнинг олма қаерда?

EastFruit таҳлилчиларининг маълумотига кўра, Ўзбекистонга Эрондан янги олма улгуржи бозорга кела бошлаган. Сифати анча яхши бўлган эрон олмасининг майда улгуржи нархи 10 минг сўмдан ошмайди. Аммо ўзбек олмасини сотувчилар нарх ошишини кутиб бозорга чиқармай турибдилар.
Йирик эрон олмалари халқаро ташувлар учун ноқулай бўлган пластик қутиларга жойланган бўлса-да, нисбатан яқин масофа олмалар сифатига таъсир этмаган. Олма импорти билан шуғулланувчи ўзбек тадбиркорлари нархи қиммат, сотилиши тез, йирик "Голден Делишез" навли олмаларни олиб келиш ниятидалар.
БМТнинг озиқ-овқатлар ва қишлоқ хўжалик ташкилотининг халқаро маслаҳатчиси Бахтиёр Абдувоҳидовнинг фикрича, Хитойдан ҳам арзон нархдаги “Голден Делишез” олмалари кириб келмоқда, шунингдек, хитойликларнинг Фуджи олмаси ҳам Ўзбекистон бозорларида мавжуд.
Россия Хитой олмаларига тақиқ қўйгани, 2019 йилда Хитойда олма ҳосили серҳосил бўлгани меваларнинг Ўзбекистонга арзон нархда келишига замин яратди. Хитой дунёда олма экспорти бўйича биринчи ўринда бўлса, Эрон биринчи ўнликдан жой олган. Эрон бир йилда 400 мингдан 600 минг тоннагача олма экспорт қилса, Хитойнинг улуши – 1,3 миллион тоннага яқин.
Эрон олмаси асосан, Ироқ, Афғонистон, Россия, Туркманистон, БАА ва Покистонга сотилади. Ўзбек олмасининг бозоримизда камлиги эронлик ва хитойлик олмафурушларга қўл келмоқда.
Музхоналаримизда ўз соатини кутиб ётган олмалар эгаларига катта фойда келтирадими, йўқми, бу ҳали номаълум. Чунки ҳозирги нархлар нафақат Эрон ва Хитой, балки Польша ва Молдавия каби давлатлар олма экспортчиларини ҳам қониқтиради. Олманинг нархи икки долларгача кўтарилади, деб кутиб ётган савдогарларимизнинг орзуси амалга ошмай қолиши ҳам мумкин. “Zamin”ни Telegram'да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг