date
views 3 831

"Эрингизнинг кўнглига қаранг, дугонажон!"

"Эрингизнинг кўнглига қаранг, дугонажон!"
Ҳозиргина ахлат челакни юватуриб бир фикр миямга урилди.
Сал қўполроқ ўхшатиш аммо-лекин. Ҳеч ким ўзига олмасин.

Уйингизда масалан, кўчага сув сепиш учун ишлатадиган челакдан бемалол сув ичиб ҳам кетаверасиз, тоза хисобланади. Аммо ахлат челакни ҳар қанча геллаб, ишхорлаб ювманг, наздимизда у барибир ахлатга ишлатилади, ичига мусор пакет солсак ҳам. Унга сув тўлдирсангиз, ичидаги сувдан ичмайсиз.

Шунинг сингари инсонларни ҳам тоифалаб олганмиз. Бу қора ишчи, бу шунчаки дўст, бу олий насаб одам. Кимгадир бош силкиб саломлашсак, бошқа бировга қўл тутамиз..
(Тоза челак, ахлат челак)..

Бу тоифачиликнинг энг ёмони оилада кузатилса-чи?
Эркак оиладаги аёлига «Уйда ўтирувчи, бола туғувчи, ош овқат пиширувчи, киримни ювувчи» деб қараса, аёлнинг уйдаги ва эрининг олдидаги обрўси қай даражада бўлади?

Йўқ аслида ҳам шундай, бироқ бу эркак томонидан эътироф этиб қаралса, болаларимнинг онаси деб эъзозланса, кўчада тансиқ таом еб келган бўлсада, хотини қилган маставани алқаб ичса, шундагина уйда бояги айтганим - тоифаланиш бўлмайди.

Меҳр бўлади, муҳаббат бўлади.
Бунга эса ягона сабабчи Аёлдир!

Эрингиз сиздан нима талаб қилаётганига боқинг. Рўмол ўраганлар ёқадими, рўмол ўранг, қўли ширинларни мақтайдими, овқатга уста бўлинг. Ширин гапирувчиларга тиржайиб қараяптими, сизам ширинсўз бўлинг. У нима талаб қилса «лаббай» ни ўзингиз айтинг.

Унутманг, дунёнинг бори мулки оёғингиз остида бўлса-да, оила деган мўжазгина қўрғондан ортиқроқ бахтингиз йўқ. Бир ёмонингиз - эрингиз бўлса-да , у сизни обрўингиз, вақти келса бошқалардан қизғониб жаҳл қилувчингиз, ярим соат кўринмасангиз бақир чақир қилиб қидирувчингиз, «ўзингча ақллилик қилма» деб қовоқ уйса-да, чизган чизиғингизда юрувчингиз, қариндошингиз йиғин қилса, бўй-бастини кўрсатиб тўрисига ўтувчингиз... боринки «бахшида этдим» деган никоҳ қарорингиздан кейинги борингиз фақат У..!

Қолган ташвиш, ғамларингиз жуда майда нарсалар.
Ёнингизда турган ҳоҳ энг кичкина, кўримсиз бўлсин, барибир у бахтингиздир.

(Ҳалиги тоифа масаласига эса қайтмаймиз...)

Мадина Мўминова
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Эрингизнинг кўнглига қаранг, дугонажон!"