22:32 / 17.01.2020
5 711

Морхўр ва тоғ қўйи тутқунликдан қутқарилди

Морхўр ва тоғ қўйи тутқунликдан қутқарилди
Сурхондарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган қўшма тадбирда Ангор туманидаги Янгиобод маҳалласида яшовчи А.Н. “Қизил китоб”га киритилган 1 бош бурамашохли эчки (морхӯр) ва 1 бош тоғ қӯйини ноқонуний тутқунликда сақлаб келаётгани аниқланди.

– Мамлакатимизда ҳайвонот олами ҳам тегишли қонунлар билан муҳофаза қилинади, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати раҳбари М. Нурматов. – Шу боис бирон қонуний тўхтамга келгунча парваришлаб туриш учун улар Термиз ҳайвонот боғига топширилди.

Бу ерда жониворлар тегишли клиник ветеринар кўригидан ўтказилди. Кўрик жараёнида тахминан уч ёшлардаги эркак жинсли бурамашохли эчки ва урғочи тоғ қўйининг орқа ўнг оёқлари оқсаётгани, бироқ, иштаҳаси яхшилиги аниқланди.

Мутахассислар хулосасига кўра, жониворлар даволаш учун алоҳида валерда сақланиб 30 кунлик карантин кузатувига олинди.

– Туёқлилар бўлимига келтирилган мазкур жониворларни ветеринария-санитария қоидаларига мувофиқ сақлаш ва парваришлаш учун энг тажрибали ишчиларни бириктирдик, – дейди ҳайвонот боғи директори Ш.Улашов. – Айни пайтда аҳволи яхши. Оқсаётган оёқлари ҳам анча тузалиб қолди.

Тутқунликдан қутқарилган морхўр ва тоғ қўйи меҳр билан парвариш қилиниб, мутахассислар назоратида сақланаётир.
Айни пайтда Термиз ҳайвонот боғида 127 турдаги 763 бош жонивор мавжуд.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Морхўр ва тоғ қўйи тутқунликдан қутқарилди